Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзбеккўмир” АЖ ахборот хизмати раҳбари Неъмат Душаев 2025 йил учун кўмир ресурслари ва истеъмол баланси кўрсаткичларининг январь-март ойларидаги ижроси ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида жамият томонидан 7,5 миллион метр куб ҳажмида кон юзасини очиш ишлари амалга оширилди. Бу борадаги режалар “Ангрен”, “Апартак” очиқ конлари ҳамда ер ости усулидаги конларда муваффақиятли бажарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 173,5 фоизга кўпдир.
Қазиб олинган кўмир миқдори эса 1 миллион 100 минг тоннани ташкил этди. Шу жумладан, “Ангрен” кўмир конида 1 миллион 37 минг тонна, “Апартак”да 88,4 минг тонна, ер ости усулидаги конда 15 минг 100 тонна кўмир қазиб чиқарилди. Умумий кўмир қазиб олиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 127,9 фоизга ошгани таъкидланди.
Шунингдек, биринчи чоракда истеъмолчиларга етказиб берилган кўмир миқдори 1 миллион 700 минг тоннани ташкил этди. Шундан 1 миллион 200 минг тоннаси иссиқлик электр станцияларига, 9 минг 100 тоннаси бюджет ташкилотларига, 148,2 минг тоннаси аҳоли эҳтиёжлари учун етказилган. Биржа савдолари орқали эса 291,7 минг тонна кўмир сотилган. Йил якунига қадар 6,8 миллион тонна кўмир қазиб олиш ва 6,76 миллион тонна маҳсулотни истеъмолчиларга етказиш режалаштирилган.
– Жамиятда конларни модернизация қилиш ва технологик янгилаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, “Ангрен” кон майдонига “Hitachi ЭХ2600” русумли экскаватор олиб келинди. Ушбу техника ёрдамида кўмир устки қатламини очиш самарадорлиги янада ошади. Шунингдек, “Жанубий” конвейернинг иккинчи линиясида амалга оширилган реконструкция натижасида суткалик кўмир ташиш қуввати 5 минг тоннадан 7 минг тоннагача ошиши кутилмоқда. Шунингдек, ташкилотимиз “Яшил белбоғ” умуммиллий лойиҳаси доирасида атроф-муҳитни ободонлаштириш ишларига ҳам эътибор қаратяпти. Хусусан, баҳорги экиш мавсумида 1,3 гектар майдонда 10 минг туб дарахт кўчатлари экилди, – деди Н.Душаев.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА