Сингапурда “Uzbekistan Tech & Services Conference” ихтисослашган анжуман ва бизнес-форум ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари ва рақамли хизматлар соҳасидаги салоҳияти намойиш этилди.
“IT Park Uzbekistan” томонидан Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси, “Enterprise Singapore” давлат агентлиги ва Сингапур тадбиркорлар федерацияси (Singapore Business Federation) кўмагида ташкил этилган форумдан кўзланган асосий мақсад икки мамлакат ўртасида ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда IT, стартап ташаббуслар, рақамли хизматлар, инвестициялар каби йўналишларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Анжуманда Сингапурдаги етакчи технология компаниялари, венчур жамғармалари ва аутсорсинг корхоналарининг 50 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этди. Уларга Ўзбекистоннинг IT хаб сифатидаги истиқболлари, шу жумладан, мамлакатдаги қулай инвестициявий муҳит ва ривожланаётган рақамли инфратузилма ҳамда хорижий ҳамкорлар учун аниқ лойиҳа ва ташаббуслар тўғрисида маълумот берилди.
“BIPO”, “S.E.A Business Center”, “Vistra”, “Singapore Cooperation Enterprise” ва бошқа компаниялар Ўзбекистон билан IT-инфрамузилма яратиш, аутсорсингни ривожлантириш ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.
Форум якунида “IT Park Uzbekistan” ва Сингапурнинг қатор компаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режаларни белгилаб олди. Ушбу лойиҳалар Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида иқтисодий алоқалар ва технологик шерикликни мустаҳкамлашда янги истиқболларни очади.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА