Пойтахтимиздаги "Hilton" меҳмонхонасида Халқаро ва минтақавий фан олимпиадалари ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тантанали тадбирга маориф соҳаси фидойилари, устозлар, ўқувчи-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислoҳ қилиш бўйича ўринбoсари Ҳилола Умарова таълимга қаратилаётган эътибор ўзининг амалий натижаларини намоён этаётганини эътироф этди. Ўқувчиларимизнинг бу йил халқаро фан олимпиадаларида эришган ютуқлари аввалги йилларга нисбатан 14 баробар кўплиги эътиборга моликдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида таълим соҳасида олиб борилаётган шиддатли янгиланиш жараёнлари мамлакатимиз тараққиётини мисли кўрилмаган тарзда илгарилашида асосий омил бўлмоқда.
2025 йилда Ўзбекистон ўқувчилари 29 та халқаро олимпиадада шараф билан қатнашиб, жами 210 та медални қўлга киритди. Бу 40 та олтин, 78 та кумуш, 92 та медалдир.
Мамлакатимизда фан олимпиадасида ўқувчиларнинг иштирок етишига оид мутлақо янгича тизим яратилди. Бу наинки билим ва иқтидор намойиши, балки фаолияти ва ирода, матонат, устозлар, Ватан меҳрининг амалдаги натижасидир.
Жорий йилда юртимиз ўқувчилари томонидан фан олимпиадалари тарихи бўйича янги натижа қайд этилди. Бирлашган Араб Амирлигида ўтказилган Халқаро кимё олимпиадасида 2 та олтин, Боливияда ўтган Халқаро информатика олимпиадасида илк кумуш медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, юртимиз ўқувчилари илк бор Европа қизлар математика олимпиадасида қатнашди ва 3 та (бир кумуш, икки бронза) медални қўлга киритди.
Ўқувчиларимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ал-Хоразмий номидаги Халқаро математика ва информатика олимпиадаларида 50 та, Абу Райҳон Беруний номидаги Халқаро кимё олимпиадасида 19 та медаль билан тақдирланди.
Бирлашган Араб Амирликлари, Австралия, Боливия, Франция, Иордания, Таиланд, Озарбайжон ва бошқа давлатларда бўлиб ўтган нуфузли фан олимпиадаларида ўзбекистонлик ёшларнинг маърифий салоҳияти, билими яна бир карра жаҳонга намойиш этилди.
Миржаҳон Муҳаммадов – пойтахтимиздаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг битирувчиси. У кўплаб фан олимпиадаларида ғалаба қозонган. Жорий йилда Бразилия ва Бирлашган Араб Амирлигида ўтказилган халқаро кимё олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлди. Тантанали тадбирда Миржаҳон 1 миллиард сўмдан зиёд миқдордаги махсус ваучер билан тақдирланди.
– Халқаро фан олимпиадасига уч йил тайёрландим, – деди Миржаҳон Муҳаммадов. – Албатта, ўқиш давомида қийинчиликлар ҳам бўлиши табиий. Лекин уларни енгишга астойдил ҳаракат қилдим. Қўлга киритган моддий ютуғимни ўзим устимда ишлашга, билимлар сари қатъи интилишга сармоя сифатида сарфламоқчиман.
Халқаро олимпиадаларда шундай ютуқларни қўлга киритган фарзандни тарбияламоқ учун нималарга эътибор қаратмоқ зарур? Ушбусавол билан Миржаҳоннинг онасига юзландик.
– Фарзандимизнинг билим олиши учун зарур ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қилдик, – деди халқаро фан олимпиадалари ғолибининг онаси Дилноза Омонова. – Қолаверса, боланинг умуман бўш вақти бўлмаслигига катта эътибор қаратдик. Иқтидорли ёшларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги эътибори учун давлатимиз раҳбаридан ғоят миннатдормиз.
Тантанали тадбирда Халқаро фан олимпиадаларининг кўплаб ғолиб ва совриндорлари, уларнинг устозлари салмоқли пул мукофотлари билан тақдирланди.
Бу ўқувчилар барча учун чин маънода ҳавас, ибрат, намунадир!
Назокат Усмонова,
Рустам Назарматов (суратлар), ЎзА