Аксарият ривожланган давлатларда картошка боғбонлар томонидан уйда етиштирилади. Чунки бу маҳсулот узоқ вақт давомида ерда бўладиган экин тури ҳисобланади.

Мамлакатимизда ҳам картошка тақчиллиги муаммосининг олдини олиш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар олиб борилмоқда, ўзимизнинг ерларимизда ҳам сифатли картошкалар етиштириш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда.
Аксарият ҳудудларда сабзавотчилик фермер хўжаликлари ва томорқаларда картошка экиладиган майдонлар миқдорини ошириш, ҳосилдорликни кўтариш режалаштирилган. Чунки хўжаликлар ўз талаб даражасидаги картошкани томорқасига экса, картошкага сарф этиладиган харажатни иқтисод қилиб қолади.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ҳам уруғчиликни ташкил қилиш мақсадида Сабзавот, полиз ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Геномика ва биоинформатика маркази билан ҳамкорликда “In-vitro” усулида қарийб 35 сотих ер майдонида бирламчи картошка уруғлари экилди ва юқори ҳосилдорлик олинишига эришилди.
Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Шуҳрат Тешаев қуйидагиларни гапириб берди.
– Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 30 январь куни томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича ўтказилган йиғилишда қайд этилганидек, мамлакатда 5 миллиондан зиёд хонадонда 508 минг гектар томорқа, аввал ташкил этилган деҳқон хўжаликларида 17 минг гектар ва сўнгги йилларда аҳолига тарқатилган 260 минг гектар ер бор. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда энг катта захира, - дейди Шуҳрат Тешаев. – Бугунги кунда асосан аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш чоралари кўрилмоқда.
Юртимизда картошкага бўлган талаб салкам 5 миллион тоннага яқин. Шунинг 80 фоиздан зиёди юртимизда етиштирилиб, қолган қисми импорт ҳисобидан тўлдирилмоқда. Бунда энг катта муаммолар эса асосан картошка уруғчилигига бориб тақалади. Бугунга қадар аҳоли ва деҳқончилик хўжаликлари элита ва R1 уруғлик ўрнига импорт қилинган ёки маҳаллий сифатсиз картошка экиб келишган.
Хонадонда картошка эккан фермер ҳосилига кўпроқ эътибор беради. Айнан аҳоли томорқасида картошка уруғлигини тезроқ кўпайтириш имконияти катта. Келгусида Амударё тумани картошкачилик марказига айланади. Томорқаларда супер элита уруғларини етиштириш мумкин. Режага кўра, тўрт йиллардан сўнг нафақат Амударё туманини, балки Қорақалпоғистон ҳамда бошқа ҳудудларни энг сара картошка уруғлари билан таъминлашга эришиш мумкин. Масалан, бу йил тажриба тариқасида экилган янги уруғ навидан 15 минг дона туганак олинган бўлса, кейинги йил бу ҳосилдорликни 100 минг донага етказиш мақсад қилинган.
Ҳозирда яратилаётган картошка уруғ навлари шўрга чидамли, иқлимга мослашган. Гектаридан 75 минг тонна ҳосилдорлик олиш мумкин. Келгуси йил ҳосили учун картошка уруғликлари захирасини яратиш бўйича жойларда ташкилий ва агротехник тадбирлар давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА