Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида шахматнинг рапид, стандарт ва блиц йўналишларида ўтган Осиё чемпионати яна бир карра Ўзбек шахматининг салоҳиятни намойиш этди.
16 та давлатнинг 675 нафар шахматчи ёшлари қатнашган муросасиз баҳсларнинг барча йўналишларида ҳамюртларимиз турли ёш тоифаларида юқори ўринларни эгаллади.


Чемпионатнинг рапид йўналишида 1 тадан кумуш ва бронза, стандарт баҳсларда 1 та олтин, 3 та кумуш ҳамда куни кеча поёнига етган блиц мусобақаларида ҳамюртларимиз 1 та олтин, 3 та кумуш, 1 та бронза медалларига эгалик қилди.
Блиц баҳсларида терма жамоамиз аъзоларидан Моҳинур Азамхўжаева олтин, Камол Мирзақулов, Абдумажид Ботиралиев, Тоҳир Неъматов кумуш ва Шоҳжаҳон Сиддиқов бронза медалини қўлга киритди.

Чемпионатда умумий ҳисобда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин, 7 та кумуш ва 2 та бронза, жами 11 та медаль билан ватанимизнинг халқаро обрў-эътиборини юксалтирди.
Ушбу натижалар ёш шахматчиларимизнинг фидойилиги, меҳнатсеварлиги ва мураббийларнинг самарали самарали меҳнати натижаси бўлди, дейиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мазкур қитъа чемпионатида юртимизнинг 15 нафар ёш шахматчилари ўз ёш тоифаларида дона сурди.
Т. Рўзиев, ЎзА