Шу кунларда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ марказий аппарати ҳамда Тошкент иссиқлик электр маркази филиали мутахассислари Японияда бўлиб турибди.
Мазкур амалий сафар доирасида муҳандис-энергетиклар “Tokyo Electric Power Services Ltd” компанияси томонидан ташкил этилган ўқув-семинарда иштирок этмоқда.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Алишер Жўраевнинг маълум қилишича, 2021 йил 23 март куни жамият ва Япониянинг “Tokyo Electric Power Services Ltd” компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган.
Унга мувофиқ, “Тўрақўрғон ИЭС” АЖ, “Навоий ИЭС” АЖ ва Тошкент ИЭМдаги буғ-газ ҳамда газ-турбина ускуналарида инспекция ишларини бошқариш ва мониторинг қилиш, шунингдек, ходимлар малакасини ошириш курсларини ташкил этиш белгиланган.
– Ходимларимизни замонавий энергетика ускуналари билан ишлашга тайёрлаш ва халқаро тажрибалар асосида билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ушбу ўқув-семинар Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирларига оид қарори доирасида амалга оширилаётган “Электр энергетика сектори салоҳиятини ривожлантириш (2-босқич)” инвестиция лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, – деди А.Жўраев.
Ўтказилаётган ушбу амалий ўқув-семинар Япония тажрибасини ўрганиш ва станция ходимларининг билим ҳамда кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, ўқув-семинар 6 июнга қадар давом этади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА