
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси билан биргаликда Ўзбекистонга четдан кириб келган, балиқ овлашга мўлжалланган тўрларни ўрганди.
Ўрганиш давомида тўрлар сунъий толадан тайёрлангани ва ўлчамлари белгиланган меъёрларга тўғри келмаслиги аниқланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, махсус тамғаланмаган ҳамда ваколатли орган томонидан ҳисобга олинмаган ҳар қандай тўрлар, ёйма тўрлар (накидка), икки томонлама маҳкамланадиган 10 тадан ортиқ илгакли воситалар (перемет), чангакли овлаш воситалари (астрага), электр қармоқ, маҳкамланадиган тузоқсимон тўрлар (вентер, мордушка) ва бошқа балиқ овлашнинг браконерлик қуроллари ва воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда тафсилотларни аниқлаш ва тегишли чора кўриш мақсадида ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА