Ўзбекистондан Покистонга олма, анжир, лимон ва аччиқ қалампир экспорти йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий алоқалари кенгайиб, кўплаб соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги ва фитосанитария йўналишида самарали келишувларга эришилмоқда. Покистоннинг Исломобод шаҳрида Покистон–Ўзбекистон Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 10-йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида савдо-иқтисодий алоқалар билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги ва фитосанитария соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Йиғилишда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори ўринбосари Улуғбек Юнусов иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар 2025 йил 18 декабрь куни икки давлат Карантин хизматлари ўртасида имзоланган муҳим ҳужжатни алоҳида қайд этди. Мазкур Баённома Ўзбекистондан Покистонга анор, узум ва олхўри экспорти учун мўлжалланган фитосанитария талабларини белгилаб беради. Ушбу келишув икки давлат ўртасидаги ўзари савдони кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди, дейилади Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотида.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистондан Покистонга олма, анжир, лимон ҳамда аччиқ қалампир экспортини йўлга қўйиш бўйича фитосанитария талаблари тўғрисидаги навбатдаги Баённомани имзолашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Муҳокамалар якунида фитосанитария соҳасидаги ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш мақсадида Қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди. Ушбу гуруҳ мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича бозор талабларини ўрганиш, ахборот алмашинувини кучайтириш ҳамда техник масалаларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА