Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Канада Парламенти Вакиллар палатаси Бош котиби ўринбосари Жан-Филип Брошу билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда меҳмонларга Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти, фракциялар, қўмиталар, комиссияларнинг асосий вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўз навбатида, Жан-Филип Брошу сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни юқори баҳолади.

Шунингдек, у Марказий Осиёда илк маротаба Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси юқори савияда ташкил этилгани, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслар халқаро саммит кун тартибидаги масалалар билан уйғун ва ҳамоҳанг эканини алоҳида қайд этди.

– Бу менинг мамлакатингизга илк ташрифим, кенг миқёсдаги ислоҳотлар натижасида рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги ривожланиш динамикаси барчанинг диққатини жалб қилди. Келгусидаги ташрифларим кун тартибида Самарқанд ва Бухорога зиёратни режалаштирганман, – деди Канада парламенти вакили.
Учрашув якунида икки давлат парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришда парламентлар девонлари ўртасида доимий мулоқот ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
М.Комилова, ЎзА