Миллат генофондига салбий таъсир кўрсатувчи гиёҳвандликнинг олдини олиш жуда долзарб. Бу борада кенг қамровли профилактик ҳамда накрожиноятларга барҳам беришга қаратилган тезкор тадбирлар изчил олиб борилмоқда.
Бу каби чоралар қандай натижа кўрсатмоқда? Бошқача айтганда, бугунги кунда юртимизда нарковазият қандай? Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги бўлим бошлиғи Мирсаид Ҳайдаров шу ҳақда маълумот берди:
– Нарковазиятни барқарорлаштириш ва наркотаҳдидларга қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармон билан “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури” тасдиқланди. Дастурга кўра жорий йил февраль ойида “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги ўтказилди.
Бу каби чоралар, албатта, ўз самарасини бермоқда. Аниқроқ айтганда, кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар аҳоли, айниқса, ёшлар қўлига етиб бормаслиги таъминланмоқда.
Жорий йилнинг 2 ойида республикада гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 2 минг 533 жиноят ва 313 маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди.
Ушбу жиноятларнинг 54 фоизи Тошкент шаҳри (729), Фарғона (346) ва Тошкент (289 ) вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.
Аниқланган наркожиноятларнинг энг кўпини (51 фоизи ёки 1 минг 280 таси) гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ҳолатлари ташкил этди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар натижасида саккизта ғайриқонуний нарколаборатория фош этилиб, фаолиятига чек қўйилди.
Шунингдек, жами 375 кг наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг истеъмолга чиқиб кетишининг олди олинди.
Наркожиноят содир этгани учун 152 нафар ёшлар, 25 нафар ишсизлар, 18 нафар аёллар ва 3 нафар вояга етмаганлар жавобгарликка тортилди.
Аҳоли, айниқса, ёшларда гиёҳвандликка қарши “иммунитет”ни шакллантириш, уларни огоҳликка чақириш мақсадида маҳаллаларда (маҳаллабай, хонадонбай) 300,3 минг, таълим муассасаларида 43,2 минг, жамоат жойлари, бозорлар ва дўконларда 17,1 минг, етказиб берувчилар ва такси ҳайдовчилари ўртасида 6,5 минг, дорихоналарда 3,7 минг, масжидларда 2,9 минг, давлат ва хусусий секторга қарашли идора ҳамда ташкилотларда 8,6 минг, жами 382,3 минг маротаба тарғибот ва тарбиявий-профилактик тадбирлар ўтказилди.
Тадбирларга жами 6,1 миллион нафар аҳоли (4,3 миллион нафарини ёшлар ташкил этган) жалб этилган.
Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг аянчли оқибатлари ҳақида оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жами 29,4 минг материал ёритилди.
Телевидение ва радиода 1,4 мингдан ортиқ кўрсатув ҳамда эшиттиришлар эфирга берилди, веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда 27,8 мингга яқин, газета ва журналларда эса 260 дан зиёд материал эълон қилинди. Бундан ташқари, аҳолига 1,4 миллиондан ортиқ буклет ва флаерлар тарқатилди.
Бурларнинг барчаси аҳолининг огоҳлигини ошириш, гиёҳвандликдан сақланишига хизмат қилмоқда.
Норгул Абдураимова,
ЎзА