Тўтиқушлар нафақат гўзаллиги, балки ақл-заковати билан ҳам инсонларга яқин бўлган қушлар сирасига киради. Ранг-баранг патлари, ўрганишга чанқоқлиги, инсон тилига ўхшаш товушларни тақлид қилиш қобилияти сабабли тўтиқушлар бутун дунёда уй ҳайвони сифатида кенг тарқалган. Ўзбекистонда ҳам бу қушларга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь – июнь ойларида Ўзбекистонга 6 та хорижий давлатдан 765 дона тўтиқуш импорт қилинган. Ушбу қушлар учун сарфланган жами маблағ 20,1 минг АҚШ долларини ташкил этган. 2025-йилда мамлакатимизга энг кўп тўтиқуш етказиб берга давлатлар қуйидагилар: Сенегал – 320 дона, Белгия – 186 дона, Германия – 159 дона, Нидерландия – 74 дона, Тожикистон – 20 дона ва Чехия – 6 дона.
Сенегал бу давр мобайнида тўтиқуш етказиб берувчи етакчи давлатга айланган. Африканинг бу давлати асосан тропик иқлимли ҳудудларда кенг тарқалган тўтиқуш турларига эга бўлиб, улар Ўзбекистондаги уй ҳайвонлари ишқибозлари орасида талаб юқорилигини кўрсатмоқда.
Тўтиқушларга бўлган талабнинг юқорилигини бир неча сабаблар билан изоҳлашимиз мумкин. Авваломбор, Ўзбекистон фуқаролари орасида ажабтовур уй ҳайвонларига қизиқиш ортмоқда. Айниқса, болалар ва ёшларда тўтиқушларни уйда боқиш анча урф бўлган. Қолаверса, тўтиқушлар сўзларни эслаб қолиш, тақлид қилиш, ўйин ўйнаш қобилиятига эга бўлиб, бу уларни оддий қушлардан фарқ қилади.
Ўзбекистонда тўтиқушларга бўлган талаб ортиб бораётгани статистик рақамларда ҳам яққол акс этмоқда. Бу қушларнинг ақли, гўзал ва интерактив хусусиятлари уларни кўпчилик учун қизиқарли қилади. Келажакда бу соҳага тегишли қонунчилик, соғломлаштириш, кўпайтириш ва экспортга йўналтирилган стратегиялар ишлаб чиқилса, тўтиқушлар нафақат уй ҳайвони, балки иқтисодий фойда манбаига ҳам айланиши мумкин.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА