Тошкентдаги Экопарк боғида ўтказилган Ўзбекистон сквош ва падель федерациясининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А. Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О. Умаров, Қатарнинг мамлакатимиздаги фавқулоддага ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Халқаро киберспорт федерациясининг собиқ раҳбари Влад Маринеску, сквош ва падел спорт турларининг оммавийлигини ошириш йўлида муҳим қадам ташланганлигини эътироф этишди.
Таъкидланганидек, 2026 йили Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳрида ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари ҳамда 2028 йили АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ташкил этиладиган ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган сквош турининг мамлакатимизда расман фаолият бошлаши ўзбекистонлик спортчилар ҳаётида янги ютуқлар сари муҳим қадам бўлди.
Мустақиллик байрами шодиёналарига уланиб кетган тадбир давомида ҳар икки йўналиш бўйича спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларда илиқ таассурот қолдирди.


Тўлқин Рўзиев, ЎзА