Сўнгги йилларда савдо соҳасида солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш, электрон ҳисоб-китоб тизимларини жорий этиш ва назорат механизмларини кучайтириш давлат бюджети тушумларининг ўсишига хизмат қилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистонда савдо фаолияти билан шуғулланувчи 151 минг 492 та юридик шахс томонидан жами 28,8 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўланган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълумотларида келтирилди.
Таҳлилларга кўра, мазкур солиқ тушумларининг 2,3 триллион сўми, яъни 8 фоизи атиги 20 та йирик солиқ тўловчи корхона ҳиссасига тўғри келган. Ушбу корхоналарнинг умумий товар айланмаси 45,5 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, қўлланилган солиқ имтиёзлари ҳажми 301,8 миллиард сўмга етган.
Келтирилган рақамлардан кўриниб турибдики, савдо соҳасида солиқ тушумларининг сезиларли қисми чекланган сондаги йирик корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳолат, бир томондан, йирик бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрни ва солиқ интизомининг нисбатан юқорилигини кўрсатса, иккинчи томондан солиқ тушумларининг юқори даражада концентрациялашуви муайян хатарларни ҳам келтириб чиқаради.
Хусусан, йирик солиқ тўловчилар фаолиятидаги ҳар қандай пасайиш давлат бюджети даромадларига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин. Кичик ва ўрта бизнес улушининг етарлича ўсмаслиги солиқ базасининг барқарорлигини чеклаб қўяди.
Расмий манбаларга кўра, савдо соҳасида солиқ тушумларининг ўсишида онлайн-ККМ, электрон ҳисоб-фактуралар, солиқ маъмурчилигининг рақамлаштирилиши ва хавфларни таҳлил қилишга асосланган назорат тизимлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу эса яширин айланмани қисқартириш, солиқ ҳисоботларининг шаффофлигини ошириш ва тенг рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, жорий йилнинг ўн ойи якунлари савдо соҳаси давлат бюджети учун муҳим солиқ манбаларидан бири бўлиб қолаётганини кўрсатади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА