Бугунги кунда пенсия тизими бўйича фуқаролар орасида турли саволлар тез-тез учраб турибди.
Аксарият ҳолларда расмий ҳужжатлардаги мураккаб атамалар ва ҳисоб-китоблар одамларга тушунарсиз бўлиб қолмоқда, натижада нотўғри талқинлар ва тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Шу сабабли, биз Пенсия жамғармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан, пенсия ҳисоб-китоблари ва унга оид тартибларни фуқароларга янада тушунарли ва содда тилда тушунтиришни мақсад қилдик.
Ўзбекистонда пенсия тайинлашнинг тартиблари соддалаштирилди
Бир вақтлар пенсия тайинлаш учун фуқаролар томонидан мурожаат қилишнинг алоҳида тартиби бор эди. Бугун кунда эса пенсия тайинлаш учун энди мурожаат керак эмас! Яъни Ўзбекистонда пенсия тизими босқичма-босқич рақамлаштирилаётгани туфайли, ёшга доир ва ногиронлик пенсиялари автоматик равишда тайинланмоқда. Бир сўз билан айтганда, эндиликда пенсия олиш учун давлат идораларига югуриб юриш, ҳужжат йиғиш керак бўлмай қолди. Барчаси — электрон маълумотлар орқали инсон омилисиз амалга оширилади.
Бу маълумотлар қаердан олинади?
• Электрон ҳукумат платформаси — шахсга доир маълумотлар;
• Ягона миллий меҳнат тизими — иш стажи;
• ФҲДЁ — оилавий ҳолат;
• Олий таълим вазирлиги — ўқиш даври;
• Халқ банки — 2005–2015 йиллар иш ҳақи;
• Солиқ қўмитаси — 2016 йилдан кейинги иш ҳақи.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси эса фақат мурожаат асосида берилади. Бунда Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали ариза топширилади.
Эътибор беринг!
Келажакда пенсия муаммосиз тайинланиши учун:
• Ишламаётган фуқаролар Бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилиб, меҳнат дафтарчасини рақамлаштириб олишлари керак.
• Ишлаётганлар эса иш берувчисидан меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни рақамлаштиришни талаб қилишлари лозим.
• my.gov.uz орқали маълумотлар тўғрилигини текшириб бориш мумкин.
Пенсия қайта ҳисобланиши мумкин
Қуйидаги ҳолларда пенсия миқдори қайта кўриб чиқилади:
• Янги иш стажи ёки иш ҳақи ҳақида қўшимча маълумот тақдим этилса;
• Ногиронлик гуруҳи ўзгарса;
• 1 йилдан ортиқ ишласа;
• Боқувчиси йўқотганлик пенсиясида оила аъзолари сони ўзгарса;
• Президент қарори асосида пенсиялар оширилса.
Эслатма: Агар фуқаро 3 ой ичида қўшимча ҳужжат топширса, пенсия қайта ҳисобланади ва аввалги ойлар учун ҳам пенсия фарқи тўлаб берилади.
Пенсия пуллари қаердан келади?
Пенсиялар, асосан, корхона ва ташкилотлар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқлар ҳисобига тўланади.
• Давлат ташкилотлари учун — 25%,
• Хусусий сектор учун — 12%
• Якка тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар ҳам белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўлайдилар.
Қолаверса, давлат бюджети орқали ҳам Пенсия жамғармасига маблағлар ажратилади.
Жорий йил июлида 4,2 млн пенсионерга пенсия тўланган. Бир ойлик умумий сумма — 6,7 трлн сўм.
Пенсия қандай тўланади?
• Пенсияни нақд ёки банк картаси орқали олиш мумкин.
• 85% фуқаролар банк орқали, 15% нақд олади.
• Пенсияларни сайёр кассалар орқали уйингизгача етказиб бериш имконияти ҳам бор. Бу хизмат бепул.
Банк картасига ўтказилганда:
• Пенсия ҳар ойнинг 5-санасигача картангизга тушади;
• Ҳар ой 1% қўшимча бонус тўланади;
• Аризани банк мобил иловаси орқали берса бўлади.
Қандай ҳолатларда пенсия тўхтатилади?
• Фуқаро вафот этса,
• Хорижга доимий яшашга кетса,
• Жазо муассасасига жойлаштирилса,
• Ногиронлик муддати тугаса,
• Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи бола 18 (ёки 23) ёшга етса,
пенсия тўхтатилади.
Пенсиядан чегирмалар бўлиши мумкинми?
• Фақат суд қарорлари асосида ва Мажбурий ижро бюроси орқали;
• Пенсиядан олинадиган сумма бир ойлик пенсиянинг 50%дан ортиқ бўлмаслиги керак;
• Пенсионерга смс орқали хабар берилади.
Пенсия тизими янгиланмоқда ва оддий фуқаролар учун барча шарт-шароитлар яратилаяпти. Бу тизим орқали сиз давлат идораларига бормасдан, қатор ҳужжатлар билан овора бўлмасдан пенсия олишингиз мумкин. Фақат бир нарса: меҳнат фаолиятингиз ҳақидаги маълумотларни электронлаштиришни унутманг!
М.Эшмирзаева, ЎзА