Неандертал – ўрта палеолит даври одами ҳисобланади. 1857 йилда Бонн шаҳрида бўлиб ўтган Қуйи Рейн табиатшунослар ва шифокорлар жамияти мажлисида илк бор неандертал одамнинг қолдиқлари тақдим этилган. Ушбу антропологик топилма Германиянинг Неандертал водийсида топилган ва кейинчалик илмий жиҳатдан неандертал одамнинг мавжудлигини тасдиқловчи энг муҳим далилга айланган.
Ўзбекистон фанлар академияси Миллий археология маркази маълумотларига кўра, Неандертал одам суяклари Ўзбекистонда ҳам топилган бўлиб, улардан энг аҳамиятлиси, Тешиктош топилмасидир. 1938 йилда А.П.Окладников томонидан Тешиктош ғоридан 8-10 ёшли неандертал бола суяк қолдиқлари топилган.
Энг қизиқ томони шундаки, боланинг қолдиқлари тоғ эчкиси шохлари билан ўралган ҳолда кўмилган. Бу эса, тадқиқотчилар фикрига кўра, неандерталларнинг диний тасаввурларга эга бўлганини кўрсатади.
Қолдиқлар 70-50 минг йил олдин яшаган неандерталга тегишли бўлиб, суякларнинг антропологик таҳлили унинг типик неандертал қиёфасига эга бўлганини тасдиқлаган.

Неандертал одам суяклари Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Ангалак ғоридан ҳам топилган. Бу ерда Р.Х. Сулейманов ва М. Глантз томонидан 2002-2005 йилларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида оёқ кафтининг метатарсал суяги (оёқ суякларидан бири) аниқланган.
Ушбу топилма неандерталлар Ўрта Осиё ҳудудида доимий ёки мавсумий яшаганини тасдиқлайди. Уларнинг миграция йўналишлари ҳақида янги маълумот беради.
Ўзбекистон ҳудуди билан боғлиқ учинчи ўзига хос топилма Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги Оби-Раҳмат ғоридаги неандертал ва Ҳомо сапиенсларнинг аралашиш популяциясидан туғилган гибрид турга тегишли. Оби-Раҳмат ғори неандертал ва замонавий инсонлар ўртасидаги гибридлашув ҳақида энг муҳим далиллардан бирига эга. Бу ерда топилган инсон суяклари неандерталларга ҳам, Ҳомо сапиенс вакилларига ҳам хос бўлган белгиларни намоён қилади.
Ушбу топилма неандерталлар фақатгина йўқ бўлиб кетмаганини, балки айрим ҳудудларда Ҳомо сапиенс (замонавий одам) билан генетик аралашув натижасида йўқолиб кетганини тасдиқлайди.
Неандерталлар Европа ва Осиё бўйлаб юз минг йиллар давомида яшаган. Лекин 40 минг йил олдин уларнинг сони кескин камайиб, кейинчалик бутунлай йўқ бўлиб кетган. Уларнинг йўқолишига сабаб сифатида иқлим ўзгариши, Ҳомо сапиенс билан рақобат ёки генетик аралашув каби омиллар келтирилади.
Ўзбекистон ҳудудидаги Тешиктош, Ангалак ва Оби-Раҳмат ғорлари илмий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, улар орқали неандерталлар Ўрта Осиёнинг қадимги аҳолисидан бири бўлгани ва уларнинг Ҳомо сапиенс билан алоқада бўлганини кўрсатади.
Бугунги кунда генетик тадқиқотлар неандерталлар замонавий инсонларнинг бевосита аждодлари бўлмаса-да, улар бизнинг эволюцион тарихимизнинг ажралмас қисми эканини тасдиқлайди.
Н.Раҳмонова, ЎзА