Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, UNICEF ва “Fondazione Reggio Children” жамғармаси ўртасида Марказий Осиёда биринчи эрта таълим бўйича минтақавий Тадқиқот ва инновация марказини ташкил этиш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
— Марказни ташкил этиш ҳар бир бола илк йиллардан бошлаб сифатли таълим олишини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимизнинг мантиқий давомидир, — деди Мактабгача таълим тизими фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти директори Лола Бердиева. — Ҳамкорлар билан педагоглар касбий ривожланишини тизимли равишда кучайтириш, илмий тадқиқотларни илгари суриш ҳамда амалиётлар, хусусан, инклюзия, ўйин орқали таълим ва ижтимоий-эмоционал ривожланишни жорий этиш имконини беради. Ушбу ташаббус минтақавий тажриба алмашув платформасига айланиб, Ўзбекистонда ва ундан ташқарида амалий, кўзга кўринадиган натижалар беришига ишонамиз.
Қайд этиш керак, янги объект педагогларнинг касбий ривожланишидаги инновацияларга устувор аҳамият қаратади, таълим соҳасидаги тадқиқот ва бола шахсига йўналтирилган юқори сифатли таълимни рағбатлантиради. Шунингдек, бола ҳаётининг дастлабки йиллариданоқ танқидий фикрлаш, ижодкорлик ва ижтимоий-ҳиссий кўникмаларни мустаҳкамлайди.

— UNICEF ва “Fondazione Reggio Children” жамғармаси ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги шериклик орқали биз мактабгача таълим сифатини янада ошириш ҳамда сифатли ва инклюзив мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини бутун минтақа билан ўртоқлашиш имкониятини кўряпмиз, — деди UNICEFнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Мария Кастижио.
Ташкилотнинг маълум қилишича, минтақавий марказ сифат ёндашувини, яъни тадқиқот ҳамда эрта таълимнинг глобал стандартини қўллашга қизиққан Марказий Осиёдаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

— “Fondazione Reggio Children” жамғармаси марказининг ташкил этилиши болалар учун сифатли эрта таълимни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон таълим тизими талаблари ва малакасига жавоб бериш имкониятини яратиш йўлидаги муҳим қадамдир, — деди жамғарма директори Кристиан Фабби. — Биз UNICEF тузилмасига ушбу имкониятни яратиб бергани учун жуда миннатдормиз ва яқин келажакда биргаликда ишлашга тайёрмиз. Ишончимиз комилки, бу Ўзбекистон ва минтақа учун сифатли таълим сари қўйилган улкан қадамдир.

Ўзбекистонни бутун дунё бўйлаб бошқа инновацион марказлар билан боғлаш орқали ушбу ташаббус 174 минг мактабгача таълим ташкилотлари ходимларига таъсир кўрсатадиган халқаро тадқиқотларни илгари суради ва таълим фаолиятини ривожлантиради.
Беҳруз Худойбердиев,
ЎзА