Тошкент шаҳрида БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманларининг Биринчи халқаро форуми ўз ишини бошлади.
“Марказий Осиё давлатларида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: Болалар омбудсманлари минтақавий ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусига бағишланган халқаро анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Болалар омбудсманлари ҳамда Финляндия, Норвегия, Хорватия каби Европа мамлакатлари Болалар омбудсманлари ва Европа Болалар омбудсманлари тармоғи (ENOC) вакиллари қатнашмоқда. Шунингдек, форумда мамлакатимиз Олий Мажлиси палаталари аъзолари, мутасадди давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
[gallery-25249]
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева, Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ижтимоий ҳимоя сиёсати болалар ҳаётида ҳам ўз ифодасини топаётганини таъкидлади.
Ҳар бир болага эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш билан бир қаторда бу йўналишда халқаро алоқалар ҳам изчил йўлга қўйилган. ЮНИСЕФ билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзаро ҳамкорликда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Болалар дуч келаётган мураккаб ҳолатларни давлатлараро ҳамкорлик асосида ҳал этиш бўйича қўшма ишлар олиб борилмоқда.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Кастижио болалар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича дунё бўйлаб фаолият олиб бораётган ЮНИСЕФ қайси давлат томонидан қўллаб-қувватланса, ўша ерда самарали ишларни амалга оширишини таъкидлади. Ўзбекистон давлати раҳбарияти томонидан бу ташкилот доимий қўллаб-қувватлаб келингани учун ҳам бу ерда кўплаб ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан қабул қилган халқаро ҳужжатлардан бири ҳам Бола ҳуқуқлари конвенцияси бўлган. Ўзбекистон ҳукумати нафақат мамлакат ичкарисида болалар манфаатларини таъминлаш, балки хорижда қийинчиликка дучор бўлган болалар ҳимоясига эътибор қаратиб, уларни юртга қайтармоқда. Қолаверса, турли инқирозлар туфайли азоб-уқубатга дучор бўлган хорижлик болаларнинг ҳам ҳимояга олинаётгани эътиборга лойиқ.
Форумда Ўзбекистон Болалар омбудсмани бошқа давлатлар Болалар омбудсманлари билан самарали алоқаларни изчил йўлга қўйгани эътироф этилди. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманларининг яқиндан алоқалари ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ижтимоий оғир аҳволда бўлган болаларни хориждан қайтариш, боланинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, болага ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда зарур ҳужжатлар расмийлаштириш, болани васийликка бериш ва болалар дуч келаётган шу каби мураккаб вазиятлар юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Айтиш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасида минтақада илғор давлатлардан бўлган Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманлари мулоқоти минтақавий платформасини яратиш ташаббусини илгари сурди.
Мазкур форумдан кўзланган асосий мақсад – болаларни ҳимоя қилиш соҳасида конструктив тажриба алмашиш, умумий муаммоларни оптимал ҳал этиш, минтақавий ва трансмиллий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш учун Марказий Осиё давлатларининг Болалар омбудсманлари ўртасида мулоқот ва ўзаро ҳамкорликнинг самарали минтақавий платформасини яратишдир.
Икки кунлик халқаро форум доирасида бола ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган пленар сессиялар ўтказилади. Анжуман якунида бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида Марказий Осиёда минтақалараро ҳамда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманлари форуми Декларацияси қабул қилинади.
Норгул Абдураимова,
Рустам Назарматов (суратлар),
ЎзА мухбирлари