Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасига доир давлат инвестицияларини бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унга кўра, “Ижтимоий соҳадаги давлат инвестицияларини бошқариш геопортали” жорий қилиниши кўзда тутилган. Порталда инфратузилмага оид ахборотлар ягона ёндашув асосида жамланади ва тизимлаштирилади.
Бу ижтимоий соҳаларга оид стратегияларни ишлаб чиқиш, янги лойиҳаларни тўғри режалаштириш, бюджет ва халқаро молиявий институтлар маблағларини манзилли тақсимлашга хизмат қилади. Шунингдек, инфратузилмавий лойиҳаларни мониторинг қилишга кенг жамоатчиликни жалб этиш назарда тутилмоқда.
Мазкур қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали – regulation.adliya.uz да муҳокама учун жойлаштирилди.
ЎзА