Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълум қилди.
Хабарда қайд этилишича, жорий йилнинг III чораги якунларига кўра, мамлакатимизда ишсизлик даражаси 4,9 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 0,8 пунктга камайган.
Меҳнат бозоридаги ўсиш, айниқса, расмий секторда яққол кузатилмоқда. Ҳисобот даврида банд аҳоли сони 14,81 миллион нафарга етиб, 579,6 минг нафарга кўпайди.

Асосий кўрсаткичларга тўхталадиган бўлсак, жами аҳоли – 37,8 миллион нафарни ташкил этмоқда. Меҳнат ресурсларида 20,35 миллион нафар фуқаро меҳнат қилмоқда.
Иқтисодий фаол аҳоли – 15,57 миллион, банд аҳоли– 14,81 миллион нафарни ташкил этяпти.
Бандлик сектори бўйича, расмий сектор — 8,58 миллион, норасмий сектор — 4,38 миллион, чет элда меҳнат қилаётганлар — 1,86 миллион, ишга жойлаштиришга талабгорлар — 760 минг нафарни ташкил қилмоқда.
Жорий йилда 4,45 миллион нафар аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланди. Шундан, қишлоқ хўжалиги — 1,29 миллион, хизмат кўрсатиш соҳаси — 2,74 миллион, қурилиш соҳаси — 172,3 минг, инвестиция лойиҳалари орқали — 256,2 минг нафарни ташкил этмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ишсизлик даражасининг пасайиши амалга оширилаётган самарали бандлик сиёсати, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш чоралари билан боғлиқ. Бу ўз навбатида, аҳолининг даромадли меҳнат қилиш ва турмуш сифатини ошириш имкониятларини кенгайтираяпти.
Ш.Маматуропова, ЎзА