German
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда энг кўп хорижий корхоналар қайси соҳаларда фаолият юритмоқда?

Инвестициявий жозибадорлик хориж компанияларининг фаолияти учун энг муҳим омиллардан саналади. Хўш, бунинг учун қайси жиҳатлар талаб қилинади? Жавоб оддий, инвесторлар учун муҳим ҳудуд, бу – барқарор ҳуқуқий ҳимоя, солиқ имтиёзлари, ривожланган инфратузилма, яъни энергия, логистика ва шаффоф бизнес муҳитига эга жой.

Шунингдек, қонунийлик, ошкоралик, паст инвестициявий рисклар ва малакали ишчи кучи ҳам ҳудуднинг жозибадорлигини таъминлайди. Давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган стратегик лойиҳаларнинг мавжудлиги эса яна бир муҳим омилдир.

Юртимиз бугун ана шундай имкониятлар макони сифатида инвесторлар томонидан танланмоқда. Шу ўринда савол туғилади: Ўзбекистонда нечта хориж компанияси бор, улар қайси йўналишларда фаолият юритмоқда?  

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг 1 февраль ҳолатига Ўзбекистонда чет эл инвестициялари иштирокида жами 18 513 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан 4 282 таси қўшма ва 14 231 таси хорижий корхоналардир.

Уларни иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, савдо соҳасида 6 623 та, саноат соҳасида 3 817 та, қурилиш соҳасида эса 1 444 та.

Бу жараёнда ахборот ва алоқа соҳаси ҳам четда қолмаган, айни йўналишда 1 414 та, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида 774 та, ташиш ва сақлаш соҳасида 593 та корхона фаолияти ташкил қилинган.

Ўзбекистонда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳасига ҳам алоҳида имкониятлар яратилаётгани сир эмас, шу туфайли бугунги кунда айни йўналишда 478 та корхона иш юритмоқда.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам хорижий инвесторлар иштирокидаги корхоналар сони ошмоқда. Айни кунда эса 217 тани ташкил этмоқда. Шунингдек, юртимизда бу каби яна бошқа соҳаларда хорижий инвестиция асосида 3 мингдан ортиқ корхона фаолият олиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, юртимиз ва хорижий тадбиркорлар учун муҳим ҳудудлар ва имкониятлар сифатида ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналар ёки махсус саноат зоналари айни муддао бўлмоқда.

Абдулазиз РУСТАМОВ,

ЎзА