Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Япониянинг саноат фильтрлаш ва чиқиндиларни қуритиш ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ishigaki Company Ltd.” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда чиқиндилар билан ишлаш, илғор япон технологияларини қайта ишлаш ва утилизация қилиш, шунингдек, циркуляр (айланма) иқтисодиёт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

“Ishigaki Company Ltd.” вакиллари ўз фаолияти ҳақида маълумот бериб, компаниянинг 67 йилдан ортиқ тажрибага эга эканини таъкидлади. Компания фильтрлаш, сувни тозалаш, чиқиндиларни қуритиш ва шаҳар сув тозалаш иншоотлари учун ускуналар ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади.

Япон томони Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши, инфратузилма, экология ва тоғ-кон саноатида амалга оширилаётган ислоҳотларга катта қизиқиш билдирди. Шу билан бирга, компания вакиллари мамлакатимизда қўшма бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш ва аҳолининг турмуш сифатини оширишга қаратилган ташаббусларда иштирок этишга тайёр эканини билдирди.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов учрашувда сўзга чиқар экан, Ўзбекистонда чиқиндилар билан ишлаш ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича фаол ишлар олиб борилаётганини қайд этди. Бу йўналишда 14 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, 114 миллион АҚШ доллари қийматидаги тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш дастури ҳам мавжуд.
Бундан ташқари, “Waste to Energy” корхоналари тармоғи яратилди, “яшил тариф” тизими жорий этилди. Шунингдек, Европа Иттифоқи билан уран конларини рекультивация қилиш, Саудиянинг “ACWA Power” компанияси билан хавфли чиқиндиларни утилизация қилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Финляндиянинг “EPSE OY” компанияси билан саноат оқова сувларини тозалаш бўйича ташаббуслар ҳам ишлаб чиқилмоқда.
А.Абдуҳакимов иқлим ўзгариши ва антропоген босимнинг ортиши шароитида экология ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари давлатнинг стратегик устувор йўналиши эканини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, халқаро тажриба, айниқса япон экологик технологияларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув якунида вазир Чиқиндилар билан ишлаш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда “Ishigaki Company Ltd.” ўртасида Ҳамкорлик меморандумини имзолашни таклиф этди. Меморандум мутахассислар алмашинуви, экологик аудит ўтказиш, қўшма илмий-тадқиқот дастурини яратиш ва япон технологияларини Ўзбекистон шароитига мослаштиришни назарда тутади.
Томонлар дастлабки тадқиқотлар ва эксперт баҳоларини амалга оширишга келишиб олди. Ушбу натижалар асосида пилот лойиҳа ишга туширилади.
Иштирокчилар мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда циркуляр иқтисодиёт, “яшил” технологиялар ва барқарор ривожланишни илгари суришда муҳим қадам бўлишига ишонч билдирди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА