French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда балиқ овлашга мавсумий таъқиқ жорий этилади

Табиий сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш ва балиқ захираларини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистонда балиқ овлашга маълум муддатга таъқиқ жорий этилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу давр балиқларнинг кўпайиш мавсумига тўғри келади ва айнан шу вақтда уларни овлаш экотизимга жиддий зарар етказиши мумкин.

Маълум қилинишича, жорий йил 11 мартдан 31 майгача Амударё ва Сирдарё дарёларида балиқ овлаш тақиқланади.  

Шунингдек, 26 апрелдан 10 июнгача Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги табиий сув ҳавзаларида ҳам балиқ овлаш мумкин бўлмайди. Бошқа барча табиий сув ҳавзаларида эса 16 апрелдан 31 майгача балиқ овлашга чеклов қўйилади.

Ушбу тартиб мамлакатда мавжуд қонунчиликка асосан амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, мазкур муддатлар балиқларнинг уруғ ташлаш ва кўпайиш даври ҳисобланади. Агар бу вақтда балиқлар оммавий равишда овланса, уларнинг сони кескин камайиши ва айрим турлар йўқолиб кетиш хавфи пайдо бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, ушбу чекловлар сунъий сув ҳавзалари, ирригация тармоқларида интенсив технологиялар асосида балиқ етиштириш, аквакультура фаолияти, шунингдек қафас (садок) ускуналарида балиқ етиштириш ва овлаш жараёнларига татбиқ этилмайди.

Белгиланган тақиқ муддатлари ва ҳудудларда балиқ овлаш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА