Давлат кадастрлари палатаси томонидан аукцион савдосида жисмоний шахс иштироки тартиби тўғрисида маълумот бериш мақсадида оммавий ахборот воситалар учун пресс-тур ташкил этилди. Пресс-турнинг дастлабки манзили Давлат кадастрлари палатаси Янгиҳаёт тумани филиали бўлди. Унда Янгиҳаёт туманидаги аукцион савдосига қўйиладиган ерлар билан таништирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 февралдаги “Электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.


Хабарнома жойлаштирилган пайтдан бошлаб, аукцион якунлангунга қадар иштирокчи объектни сотиб олиш (ижарага олиш) бўйича аукцион қадамига боғланмаган ва савдо бошлангунга қадар бошқа иштирокчиларга ошкор этилмайдиган ўз нарх таклифини киритиши мумкин. – Агар аукцион жараёнида объект нархи қадамга боғланмаган нарх таклиф этган иштирокчи томонидан таклиф этилган нархдан ошса, унга платформа орқали хабар юборилади ва аукцион иштирокчиларига навбатдаги нархни белгиланган тартибда ошириш учун ўн дақиқа вақт берилади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Ерларни аукционга қадар дастурга жойлаштириш, келишиш ишларини мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Шолазиз Шомансуров. – Аукционда иштирокчи томонидан аукцион қадамига боғланмаган ҳолда берилган нарх аукцион куни инобатга олинади ва бу иштирокчининг аукцион объектини шу қийматда сотиб олиш истагини тасдиқлайди.

Тегишли лот бўйича аукцион бошланишидан ўттиз дақиқа олдин савдо платформасида автоматик режимда аукцион бошланиши тўғрисидаги ахборот шакллантирилади ва эълон қилинади. Агар аукцион бошланганда икки ва ундан ортиқ иштирокчиларнинг аукцион қадамига боғланмаган ҳолда таклиф этган нархлари қиймати тенг бўлса, барча иштирокчиларга навбатдаги нархни таклиф этишлари учун вақт тақдим этилади. Бунда иштирокчилардан биронтаси объектни сотиб олиш (ижарага олиш) бўйича таклиф этган нархини белгиланган босқичга ошириш йўли билан сотиб олиш истагини тақдим этиладиган навбатдаги ўн дақиқа давомида тасдиқламаса, объект учун биринчи бўлиб нарх таклиф этган иштирокчи ғолиб деб топилади.

Агар иштирокчилардан бири объектни сотиб олиш (ижарага олиш) бўйича нархни бир аукцион қадамига ошириш йўли билан сотиб олишни (ижарага олишни) тасдиқласа ёки аукцион қадамига боғланмаган нарх таклиф этса, бошқа иштирокчиларга кейинги нархни тасдиқлаш учун навбатдаги 10 дақиқа вақт берилади. Жорий нарх оширилганидан кейин биронта иштирокчи жорий нархни бир аукцион қадамига ошириш йўли билан сотиб олишни (ижарага олишни) тасдиқламаса, сотиб олишни (ижарага олишни) охирги бўлиб тасдиқлаган иштирокчи ғолиб деб эътироф этилади. +Ерларни аукцион савдоларига чиқариш схемаси 9 та босқичда амалга оширилади. Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади. Ер участкаларини аукционга чиқариш муддати ижара ҳуқуқи – 13 кун, мулк ҳуқуқи – 20 кундан иборат. Биринчи босқич – фуқаро таклифларини “Yerelektron ATT”га киритиб, тегишли туман, шаҳар ҳокимлигига юборади. Иккинчи босқичда туман, шаҳар ҳокимлиги таклифларга асосан 1 иш куни мобайнида буюртма юборади. Учинчи босқичда Давлат кадастрлари палатаси туман, шаҳар филиаллари 1 иш куни давомида ер танлаш материалларини тайёрлайди. Тўртинчи босқичда коммунал ташкилотлар муҳандислик- коммуникaция тармоқларига улаш мумкинлиги тўғрисида маълумотлар тақдим этади. Экология бошқармалари экологик жиҳатдан хулоса беради. Шунингдек, тегишли ташкилотлар билан 3 иш куни мобайнида материалларни келишади ёки келишишни рад этади. Шундай сўнг, Давлат кадастрлари палатаси туман/шаҳар филиаллари 4 иш куни давомида ер участкалари учун кадастр йиғмажилдини тайёрлайди. Туман, шаҳар ҳокимликлари 2 иш куни давомида «E-qaror» электрон тизимида қарор қабул қилади, ҳуқуқ турини белгилайди ҳамда ижара шартномасини имзолайди.

Давлат кадастрлари палатаси туман, шаҳар филиаллари 2 иш куни давомида туман, шаҳар ҳокимлиги номига ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказади. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармалари 7 иш куни давомида баҳоловчи ташкилотни аниқлайди, бозор қийматни аниқлаш ишларини ташкил этади ҳамда ер участкасининг бозор қийматини киритади. Бунда ижара ҳуқуқи дастурга автоматик киритилади. Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази аукцион савдоларини ўтказади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА