Мамлакатимиз олимлари томонидан асаларининг янги – “Турон” зоти яратилди.
Бу зотга мансуб она ариларнинг кунлик тухум қўйиши 2200-2300 донани ташкил этиб, маҳаллий популяциядаги асаларилардан 18-20 фоизга кўп. Мум маҳсулдорлиги бошқа зотларга нисбатан 20-25 фоизга юқори.
Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, янги зот қўмита ҳузуридаги Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан яратилди.
Бу зот табиий иқлимга яхши мослашган маҳаллий популяциядаги асаларилар ҳамда четдан келган бошқа асалариларнинг морфологик белгилари, фойдали хўжалик хусусиятларини тадқиқ этиши натижасида пайдо бўлди.
Иммунитети жуда юқори бўлиб, яшовчанлиги 45-50 кунни ташкил этади. Юртимиздаги кескин континентал шароитга яхши мослашган. Нозатомоз ва шира токсикози каби ўта хавфли касалликларга чидамли.
Қишлов даврида бошқа зотларга қараганда камроқ озиқланади ва тежамкорлиги билан фарқ қилади.
Таъкидлаш керак, асаларичиликда бошқарувнинг янги тизимга ўтиши муносабати билан асалари оиласининг маҳсулдорлигини ошириш мақсадида сунъий усулда она асалари етиштириш йўлга қўйилди.
Асалариларнинг биологик, кимёвий ва радиактив омилларга чидамлилигини ошириш, ноқулай ташқи омилларга чидамли авлодларини яратиш усуллари ишлаб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, асаларининг “Турон” зоти Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патентланди. Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган танловда “Селекция ютуқлари” номинациясида ғолиб деб топилди.
И.АВВАЛБОЕВ,
ЎзА