Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги делегация аъзоларининг АҚШга сафари манфаатли ва самарали учрашувларга бой бўлди.
Хусусан, улар БМТнинг “ECOSOC Youth Forum” ёшлар форумида иштирок этди. Халқаро майдонда дунё ёшларининг келажаги ҳақида муҳим қарорлар муҳокама қилинадиган ушбу нуфузли форум ҳар йили БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ЕCОСОC) томонидан ташкил этилади. Форумнинг асосий мақсади ёшларнинг 2030 йилгача дунёни яхшилашга қаратилган режалар бўйича ўз фикр ва ғояларини халқаро миқёсда билдиришлари ҳамда БМТ қарорларига таъсир кўрсатиши учун имконият яратишдир.

Шунингдек, делегация аъзолари сафар давомида Силикон водийсидаги нуфузли компаниялар ва университетлар ёшлари билан учрашди. “500 Global” компаниясининг дастур менежери Элла Шукҳо билан мулоқот давомида Евроосиё минтақасидаги фаолият, Ўзбекистондаги стартапларни қўллаб-қувватлаш ташаббуслари ва венчур компаниялар билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Натижада, “Yoshlar Ventures” ва “500 Global” ўртасида стратегик алоқаларни йўлга қўйиш режалаштирилди.

“Silkroad Innovation Hub” компанияси Марказий Осиё учун мўлжалланган “Силикон водийси амалиёт дастури”ни тақдим этди. Унга кўра, ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари ўртасида стартаплар чемпионати ўтказилиб, ғолиблар Калифорнияда 1 ойлик махсус дастурда иштирок этади. Делегация ушбу ташаббусни такомиллаштириш бўйича таклифлар берди.

Шу билан бирга, сафар давомида Станфорд университетида таниқли олим ва “Venture Mindset” китоби муаллифи Иля Стребулаев билан учрашув бўлиб ўтди. У Ўзбекистондаги стартаплар ривожи ва венчур фондлар экотизими бўйича қимматли маслаҳатлар берди.

Делегация аъзоларининг сафари “Plug and Play” компаниясида бўлиб ўтган учрашув билан якунланди. Компания асосчиси Саед Амини ва вице-президент Эмери Ҳан билан учрашувда компаниянинг глобал муваффақиятлари, Ўзбекистондаги филиал фаолияти ҳамда “Yoshlar Ventures” билан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Э.Ҳаннинг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан келишувга эришилди.


Мулоқотлар нафақат билим алмашинуви, балки келажакдаги йирик ташаббусларга асос бўладиган келишувлар билан якунланди. Мазкур учрашувлар ёшлар ташаббусларини глобал даражага олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА