Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамда Бутунроссия жисмоний маданият, спорт ва туризм ходимлари иттифоқи ўртасида видеоконференция тарзида учрашув бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиз енгил атлетика мутасадди раҳбарлари, Россиянинг мустақил касаба уюшмалари федерацияси, Россия давлат университетининг Талабалар спорти инновациялар маркази вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Божхона қўмитаси томонидан ташкил қилинган мазкур учрашувда асосий эътибор юртимизга енгил атлетиканинг турли йўналишлари бўйича хорижий мураббийларни жалб этишга қаратилди. Хусусан, Россиянинг енгил атлетика бўйича таниқли 3 нафар спорт усталарини Ўзбекистонга жалб этиш имкониятлари ва унинг юридик-ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, иккала мамлакат енгил атлетика федерациялари ўртасида қўшма тадбирлар ташкил этишга келишиб олинди.
Бу каби учрашувлар мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турлари орасида енгил атлетикани янада оммалаштириш, ушбу спорт тури бўйича маҳоратли спортчиларни камол топтириш ва келгусида жаҳон ва қитъа биринчиликлари ҳамда Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини янада улуғлайдиган атлетлар камол топишига катта ҳисса қўшади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА