Нефть-газ соҳасида ривожланиш ва замонавий технологияларни жорий этиш мутахассислар учун ўзаро тажриба алмашиш имкониятини тақдим этади. Шу йўл билан улар нафақат ўз билимлари ва кўникмаларини мукаммаллаштиради, балки ишлаб чиқариш самарадорлигини ҳам оширади.
Шу сабабли, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги бу соҳада барқарорлик ва юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.
“QazMunayGas” АЖнинг бир гуруҳ мутахассислари ҳам мамлакатимизга қилган амалий сафарида шундай мақсадга қаратилди.

Меҳмонлар "Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассислари ҳамроҳлигида Шўртан газ кимё мажмуаси ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти билан яқиндан танишди.
Уларга мазкур корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнлари, қўлланилаётган замонавий технологиялар ва инновацион усуллар билан таништирилди. Унда қайд этилганидек, бундай ташрифлар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шундан сўнг маҳаллий мутахассислар меҳмонларга маҳсулот турлари, уларнинг сифат ва техник кўрсаткичлари, халқаро стандартларга мувофиқлиги ҳамда бозор талабларига жавоб бериши ҳақида батафсил маълумот берди. Сифат назорати, синов жараёнлари ва сифатни таъминлашга қаратилган замонавий ёндашувлар эса уларнинг эътиборини тортди.

Танишув ниҳоясида мутахассислар ўз тажриба ва фикрларини алмашиб, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган янги ташаббусларни муҳокама қилди. Унда амалий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашда фойдали экани таъкидланди.
Иштирокчиларнинг сўзларига кўра, ушбу амалий ташриф Ўзбекистон ва Қозоғистон нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, ўзаро ишонч ва тажриба алмашишни янада мустаҳкамлайди. Мутахассислар ўртасида ўтказилган очиқ мулоқотлар ва амалий танишувлар ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда соҳада рақобатбардошликни оширишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА