Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Бағрикенглик тамойили асосида яшаётган бу миллатларнинг яшаш тарзи, урф-одатлари ўзбеклар ҳаёти билан чамбарчас боғланиб кетган.
Юртимизда аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, барча миллат ва элатларнинг тинч-тотув ҳаёт кечиришларини таъминлаш борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Озарбайжон Республикасининг пойтахти Боку шаҳрида “Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришда халқ дипломатиясининг ўрни” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев иштирок этди.
— Ўзбекистон ва Озарбайжонни кўп асрлик қардошлик ришталари, умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар бирлаштириб туради, — деди Қаҳрамон Сариев. — Бугунги кунда ҳар икки халқ ўртасидаги дипломатик алоқалар давлатлар ва халқлар ўртасида ишонч, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг самарали воситаси сифатида аҳамият касб этади.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари дўстлиги форумини ҳар икки мамлакатда мунтазам ўтказиш, таълим, маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш каби бир қатор амалий ташаббуслар илгари сурилди. Хива ва Шуша биродарлашган шаҳарлари ўртасидаги муносабатларни фаоллаштириш борасидаги таклиф эса барчага бирдек манзур бўлди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/me_4YPP0W_k" title="Oʼzbekiston va Ozarbayjon doʼstona munosabatlarni rivojlantirishda xalq diplomatiyasi oʼrni" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, ЎзА мухбири