
13-15 март кунлари Озарбайжон пойтахтида Низомий Ганжавий халқаро маркази томонидан ташкил этилган “XII Глобал Боку форуми” бўлиб ўтди.
Аввалги анжуманларда бўлгани каби, бу йил ҳам тадбирда кўплаб амалдаги ва собиқ давлат, ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, парламент аъзолари, халқаро ташкилотлар масъул вакиллари иштирок этди. Қайд этиш жоиз, танланган мавзу - “Жаҳон тартибини қайта кўриб чиқиш: муаммони имкониятга айлантириш” бугунги глобал вазият нуқтаи назаридан жуда долзарб.
Форумда Ўзбекистон номидан иштирок этган Владимир Норов хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью бераркан, асосий эътиборни “Ўрта йўлак”нинг Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлигини ривожлантиришдаги аҳамиятига қаратган:
– Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик муносабати икки давлат раҳбарларининг юксак даражадаги ўзаро ишончи ва мустаҳкам дўстлигига асосланади. Хусусан, Хонкендидаги қўшма тўқимачилик лойиҳаси ҳам муваффақиятли ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Каспий билан тўғридан-тўғри чегара йўқлигига қарамай, мамлакатимиз бу денгизда паромлар қуришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни ташаббус бизнинг транспорт лойиҳаларида фаол иштирок этишдан манфаатдорлигимизни акс эттиради. Ўзбекистон учун жаҳон денгиз портларига йўл очиш доим устувор вазифа бўлиб келган. Бу борада тарихий Ипак йўлини тиклаш ғояси билан уйғун ҳисобланган Ўрта йўлак беқиёс аҳамиятга эга. Мазкур ташаббусни амалга ошириш фаоллашса, барча манфаатдор давлатлар иқтисодиёти янада гуллаб-яшнайди.
Ўзбекистон Президенти қўшни давлатлар, жумладан Қирғизистон билан фаол ишлаб, Чин юрти раҳбариятини Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини бошлаш зарурлигига ишонтира олди. Бу темир йўл масофани 900 километр қисқартириб, Европага атиги 5-7 кун ичида юк етказиш имконини яратади. “Ўрта йўлак” доирасидаги лойиҳалар, жумладан минтақадаги барча давлатлар манфаати кўзланган, тўла қувват билан ишлаши кутилаётган Зангезур йўлаги ҳам жуда муҳим.
Минтақа мамлакатлари гуллаб-яшнаши учун кўпроқ йўл қуриш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш керак. Йирик технология компаниялари (Big Tech) – рақамли инфратузилмани назорат қилувчи ва йирик ҳажмли маълумотни бошқарадиган трансмиллий корпорациялар таъсири кучаймоқда. Бир томондан сезиларли фойда келтирса-да, бундай инновациянинг назоратсиз кучи глобал беқарорликка олиб келиши мумкин. Айни вазиятда биз технология тараққиётига қаршилик кўрсатиш эмас, балки замонавий ютуқлардан самарали, энг муҳим ахлоқий, адолатли ва масъулиятли тарзда фойдаланилишини таъминлашимиз шарт. Лозим бўлса, бундай корпорацияларни жамият олдида жавобгарликка тортиш йўлларини топиш муҳим.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА