Шу кунларда Геология фанлари университети ва “Uzbek Overseas Geology Company” масъуллари амалий ташриф билан Мўғулистонда бўлиб турибди.
Ташрифнинг илк кунида Геология фанлари университети проректори Лейла Шарафутдинова ва “Uzbek Overseas Geology Company” бош директори Ҳайитбой Омонов Мўғулистон Миллий университети ректори Баянжаргалин Очирхуяг билан учрашув ўтказди.
Унда геология йўналишида кадрлар тайёрлаш, амалий ва илмий тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Қайд этиш жоизки, мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мўғулистон Республикасига давлат ташрифи давомида икки давлат ўртасида геология ва тоғ-кон соҳасида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Унга кўра, икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари ўртасида англашув меморандуми имзоланган бўлиб, унда фойдали қазилмаларни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда қўшма ўқув дастурларини йўлга қўйиш масалалари назарда тутилган.
Музокаралар якунида томонлар академик алмашинув дастурларини ташкил этиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун халқаро стандартларга мос таълим жараёнларини йўлга қўйиш бўйича англашув меморандумини имзолади.
Унга асосан “Uzbek Overseas Geology Company” томонидан Ўзбекистонда таҳсил олиш истагини билдирган талабалар учун грантлар ажратилиши кўзда тутилмоқда. Кейинчалик улар компаниянинг Мўғулистондаги ваколатхонасида фаолият юритиш имкониятига эга бўлади.
Компания ахборот хизматига кўра, бу ташаббус Ўзбекистон ва Мўғулистон геология соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, икки томонлама илмий-тадқиқот ишларини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА