10 октябрдан Ўзбекистондан Иорданиянинг Акаба шаҳрига чартер рейслар қатнови бошланади. Парвозлар замонавий ва қулай Airbus 321 самолётида ҳафтасига бир марта - жума кунлари амалга оширилади.
Мазкур ташаббус Air Samarkand авиакомпанияси ва Easybooking сайёҳлик компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Йўловчилар учун бизнес ва эконом-класслар таклиф этилади.
Янги йўналишнинг очилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг мамлакатимизга давлат ташрифи билан бир вақтга тўғри келди.
Самарқандда бўлиб ўтган самарали музокаралар натижасига кўра, давлатлар раҳбарлари Виза талабларини бекор қилиш тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу туризмни ривожлантиришга туртки бўлиб, саёҳатлар тартибини сезиларли даражада соддалаштиради. Саёҳат йўналишини танлашда виза режимининг мавжудлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга, шу боис, визасиз тартибнинг жорий қилиниши муҳим қадам ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Савдо, инвестициялар, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги алоқалар кенгаймоқда.
– Туризм халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва маданий алмашинувни мустаҳкамловчи муҳим воситадир, - дейди Easybooking компанияси ҳаммуассиси Одил Ҳасанов. – Янги рейс мамлакатларимиз ўртасида янада яқин ва дўстлик алоқаларини ўрнатишда қўшимча имкониятларни яратади.
Иордания ҳақли равишда халқаро туризм марказларидан бири саналади. Сайёҳларни мамлакатнинг юмшоқ иқлими, ривожланган инфратузилмаси ва ноёб тарихий ёдгорликлари ўзига жалб қилади. Қадимий Петра шаҳри, Вади-Рам саҳроси, Қизил денгиз қирғоғи ва машҳур Ўлик денгиз шулар жумласидандир.
– Мазкур йўналишнинг очилиши – сайёҳлар учун қулайлик бўлибгина қолмай, айни дамда халқларни бирлаштирувчи замонавий кўприкдир, - дейди Easybooking компанияси раҳбари Зарина Ҳақбердиева. – Иордания заминининг бой маданий мероси юртимиздан борган меҳмонларда чуқур таасурот уйғотишига ишончимиз комил.
Акабага парвозларнинг йўлга қўйилиши сайёҳлик алмашинувларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дўстона ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлади.
Азиза Алимова, ЎзА