Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида Пекин шаҳрида Ўзбекистон-Хитой бизнес-форуми ўтказилди.
Тадбирда 700 нафардан ортиқ тадбиркор, яъни 600 нафардан зиёд етакчи Хитой компаниялари ва қарийб 100 нафар Ўзбекистоннинг йирик корхоналари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган бизнес-форум ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган йирик бизнес мулоқот майдонига айланди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Халқаро савдога кўмаклашиш бўйича Хитой кенгаши раиси ўринбосари Ли Циншуа иштирок этди. Шунингдек, тадбирнинг модератори сифатида Jiangsu Radio and Television телеканали бошловчиси Лю Фанфан қатнашди.
Ўз нутқида Жамшид Хўжаев сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Бу қадамлар мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кескин ошириш, саноат ўсиш суръатларини тезлаштириш ва жаҳон бозорларида ўз ўрнини мустаҳкамлаш имконини берганини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати хорижий тадбиркорларга тўлиқ қўллаб-қувватлаш кўрсатиш ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун барча шарт-шароитларни яратишга тайёр эканини билдирди.

Ли Циншуа эса Хитой томони Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш билдиришини таъкидлади. У саноат кооперацияси, энергетика, логистика ва агробизнес соҳасида янги лойиҳалар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Таъкидланганидек, бизнес-форум Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари жадал ривожланаётган бир пайтда ўтди. Хусусан, 2023 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 13,8 миллиард долларни (+55,1%) ташкил этди. 2024 йилда савдо ҳажми 13,07 миллиард долларга (-5,4%) етди ва экспорт 6,3 фоизга ошди. 2025 йил январь-июль ойлари давомида эса товар айланмаси 8,78 миллиард долларга етди.
2011 йилдан буён Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитаси фаолият юритиб келмоқда. Шу кунга қадар қўмитанинг еттита йиғилиши ўтказилган бўлиб, сўнггиси 2024 йил 13 май куни Тошкентда Хитой давлат кенгаши Бош вазир ўринбосари Лю Гочжун иштирокида бўлиб ўтди.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам тез суръатлар билан ривожланмоқда. 2017-2024 йилларда Ўзбекистонга жалб қилинган Хитой инвестициялари умумий ҳажми 24,6 миллиард долларни ташкил этди. Шундан рекорд даражадаги 10,4 миллиард доллари 2024 йилга тўғри келди (+242%). Жорий йил бошидан буён 5,7 миллиард доллардан ортиқ инвестиция (+6%) киритилди. Йил якунига қадар эса 15 миллиард доллардан зиёд инвестиция (+45%) ўзлаштирилиши режалаштирилмоқда. Фақат 2024 йилнинг ўзида 1,9 миллиард долларлик 64 та лойиҳа ишга туширилган.
Шунингдек, 2025 йил 1-2 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида Иккинчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди. Унда 800 дан ортиқ Хитой компаниялари қатнашди. Форум якунлари бўйича 10 миллиард долларлик инвестиция шартномалари ва савдо контрактлари имзоланди.
Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминовнинг қайд этишича, Пекин шаҳрида ўтказилган бизнес-форум томонлар учун ҳар жиҳатдан фойдалидир.
–Шу ўринда энергетика соҳасига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Ҳозирги кунда тизимда ўтиш даври кечмоқда ва бу жараёнда Ўзбекистон билан Хитой ҳамкорлиги аҳамиятлидир. Айтиш керакки, юртимизда қайта тикланувчи энергия манбалари интеграцияси бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларнинг қарийб 30 фоизи Хитой компаниялари ҳиссасига тўғри келади. Бугунги кунда 30 дан ортиқ йирик ташаббус, яъни 10 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар айнан уларнинг иштирокида татбиқ этиляпти.
Хитой қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида дунёда етакчи ўринни эгаллаб, бу йўналишдаги умумий ишларнинг 80 фоизини таъминлаб келмоқда. Шу боис, мазкур давлат Ўзбекистон учун стратегик ҳамкор ҳисобланади.
Энергетика тизимидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича биз Хитойнинг етакчи лойиҳа институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйганмиз. Ҳозирги кунда соҳани стратегик ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар ҳам амалга оширилмоқда. Айниқса, бунда Хитойнинг катта тажрибаси мамлакатимиз энергетика соҳаси ривожида муҳим ўрин тутади.
Давлатимиз раҳбарининг Хитойга ташрифи доирасида ўтган мазкур форум жуда муҳим аҳамият касб этади. Унда ҳар бир йўналиш бўйича икки томонлама келишувларга эришилди. Бу эса келгусида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва улкан имкониятлар эшигини очишга замин яратади, –деди У.Мамадаминов.
Шунингдек, бизнес-форум доирасида икки томонлама ҳамкорликка оид ҳужжатлар алмашув маросими ўтказилди. Шундан сўнг B2B ва G2B музокаралари ташкил этилди. Тадбиркорлар истиқболли ҳамкорлик йўналишларини батафсил муҳокама қилиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ қадамларни белгилади.
Таъкидлаш керакки, форум якунлари Ўзбекистон ва Хитойнинг савдо-иқтисодий, саноат ва инвестиция соҳаларида стратегик шериклик қуришга бўлган ўзаро интилишини яна бир бор тасдиқлади. Бу эса қўшма ривожланиш ва минтақавий ҳамда глобал бозорлардаги позицияларни мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар очади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА