Айни кунларда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида ишчи гуруҳ Хитойнинг етакчи электроника компанияларидан бири бўлган “China Electronics Corporation” (CEC) вице-президенти Ян Лиминг билан учрашув ўтказди.
Музокараларда замонавий электроника маҳсулотларини ишлаб чиқариш, илғор технологияларни трансфер қилиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистонда CEC билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Уюшма ахборот хизматининг маълум қилишича, “China Electronics Corporation” (CEC) - Хитойнинг электроника ва ахборот технологиялари соҳасидаги энг йирик конгломератларидан бири ҳисобланади. Компания таркибида 660 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритади. Улар қаторига CEC “Panda”, “Great Wall Technology”, “China Software & Service Co.” каби йирик тузилмалар киради. Умумий ходимлар сони 130 минг нафардан ошади.
CEC компанияси 14 йилдан буён “Fortune Global 500” рўйхатида қайд этилмоқда. 2024 йилда у дунёдаги энг йирик компаниялар орасида 435-ўринни эгаллади. Шунингдек, компания “Рақамли Хитой” ва “Хитойда ишлаб чиқарилган-2025” каби миллий стратегияларни амалга оширишда етакчи роль ўйнайди. Унинг маҳсулот ва ечимлари дунёдаги 60 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, хусусан, электротехника соҳасида узоқ муддатли стратегик шерикликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ўрганиш ва амалий чора-тадбирларни белгилаш бўйича келишувга эришилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА