Халқаро атом энергияси агентлигининг (ХАЭА) Венадаги бош қароргоҳида агентлик вакиллари ва Ўзбекистон делегацияси ўртасида 2025-2027 йилларга мўлжалланган Комплекс ишлар режасини амалга оширишга бағишланган иккинчи экспертлар учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар Ўзбекистонда ядро тнфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини муҳокама қилди. Меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ядро ва радиация хавфсизлигини таъминлаш, малакали кадрларни тайёрлаш масалалари ҳамда лойиҳаларнинг экологик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
2026 йилга режалаштирилган ИНИР (ядро инфратузилмасини комплекс кўриб чиқиш) миссиясига тайёргарлик кўриш учрашувда муҳокама қилинган муҳим мавзулардан бири бўлди. Шунингдек, жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш масалалари ва кичик модулли реакторларни (КМР) жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
ХАЭА вакиллари Ўзбекистоннинг ядро инфратузилмасини яратиш бўйича саъй-ҳаракатлари ва мамлакатланинг бу масалага тизимли ёндашишига ижобий баҳо бериб, техник кўмак ва экспретлар билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА