
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасида Ўзбекистон ва ГФР ўртасида меҳнат миграцияси ва касбий сафарбарлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган уч томонлама англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжатни элчихона вакиллари, “Микрокредитбанк” АТБ бошқаруви раиси Ориф Бўтаев ва “International People IP GmbH and Co.KG” компанияси раҳбари Томас Фёрстер имзолашди. Маросимда Ўзбекистондаги “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилоти раҳбари Матиас Ванглер ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари ҳам онлайн-форматда иштирок этди.
Томонлар Германиянинг гастрономия, логистика ва гўштни қайта ишлаш корхоналарига ишга жойлаштириш мақсадида Ўзбекистондан малакали мутахассисларни саралаш ва тайёрлаш тизимини шакллантиришга келишиб олдилар. Мезбонлар тил ўргатиш ва касбга ўқитиш бўйича курс ташкил этишдан тортиб, виза расмийлаштириш, уй-жой билан таъминлаш ва мигрантларнинг янги иш жойига мослашишигача бўлган барча жараён учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.
Тошкентда яқинда очилган “International People Education GmbH” маркази раҳбари Акбар Фахриев маълум қилишича, ўқув муассасасида немис тили ўқитилади, касбий тайёрлаш бўйича махсус машғулот ташкил этилган.
Жорий йил апрель ойида амалий ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиш мақсадида хориж делегациясининг юртимизга ташрифи кутиляпти.
“Микрокредитбанк” мазкур ташаббус доирасида немис ҳамкорлар билан бирга ишчи гуруҳ шакллантиради.
Меморандум имзоланиши Ўзбекистон ва Германия ҳукуматларари ўртасида миграция ва сафарбарлик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Азиза Алимова тайёрлади. ЎзА