Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеяси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева БМТ Бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ҳамда БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари, шу жумладан, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.

Минтақада яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги ишларни давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистоннинг БМТ билан, жумладан, унинг минтақавий маркази орқали ҳамкорликни чуқурлаштириш, айниқса, сув ресурсларини бошқариш, ёшлар ва хотин-қизларнинг салоҳиятини ошириш, тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларнинг олдини олиш жараёнларига жалб қилиш масалаларида келишувга эришилди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА