Олий Мажлис Сенатига Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгашининг Халқаро ишлар ва миллий хавфсизлик бўйича доимий комиссияси раиси Сергей Алейник ташриф буюрди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев билан учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва фаоллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши раиси Н.Кочанова бошчилигидаги делегациянинг Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида иштирок этгани мазкур тадбир ишига муҳим ҳисса бўлгани таъкидланди.
С.Алейник Ўзбекистон ва Беларусь ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳиятга эга эканини таъкидлади. Айниқса, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва юқори технологиялар соҳаларида ҳамкорлик самарали давом этмоқда.

Мамлакатлар ўртасида иқтисодий ва сиёсий алоқаларни чуқурлаштириш бўйича катта иш олиб борган Ўзбекистон – Беларусь Ҳукуматлараро комиссияси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Беларусь томони вакили ўзбек томонидан парламент юқори палаталари ўртасидаги ҳамкорлик комиссияси таркиби юзасидан маълумот олганини тасдиқлади ва яқин вақт ичида Беларусь томонидан ҳам комиссия таркибини тақдим этишини, кейинчалик қўшма йиғилиш ўтказишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, шунингдек, турли соҳалардаги аниқ масалаларни ҳал қилишда Парламентлараро комиссия фаолиятини фаоллаштиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА