2024 йилда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги савдо айланмаси 15 фоизга ўсиб, 881,7 миллион долларга етди. АҚШдан жалб этилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми эса 612,6 миллион долларни ташкил этди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Америка капитали иштирокида 314 та корхона фаолият юритмоқда, шулардан 167 таси тўлиқ Америка капитали асосида.
Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги “CAEx” кўргазмалар саройидаТошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган Ўзбекистон - Америка бизнес форумида маълум қилинди.
Мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Америка - Ўзбекистон Савдо палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Америка - Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва бошқалар сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик иқтисодий салоҳиятни кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
- Ушбу тадбир Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама иқтисодий муносабатлар тарихида муҳим воқеадир. Сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти деярли икки баробар ўсди. 2024 йилда ўсиш суръати 6,5 фоизни ташкил этди. 6 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ялпи ички маҳсулотни 200 миллиард долларга, инвестицияларни 100 миллиард долларга, экспорт ҳажмини эса 45 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Юртимизда барқарор иқтисодий ўсиш таъминланган, саноат йилига ўртача 8 фоизга ўсмоқда. Экспорт ҳажми икки баробар ошган, – деди Жамшид Хўжаев.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон 83 миллионлик аҳолига эга Марказий Осиё бозорида жойлашган бўлиб, 300 миллионлик кенг бозорлар билан эркин савдо режимига эга. Европа бозорига GSP+ тизими орқали 6200 дан зиёд маҳсулот экспорт қилинмоқда. Сўнгги йилда экспорт ҳажми 27 фоизга ошган.
Ўзбекистон олтин захиралари бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Шунингдек, мамлакатда мис, вольфрам, кумуш, уран каби қатор хомашё захиралари мавжуд. 2023 йилда АҚШ билан муҳим хомашё бўйича ҳукуматлараро англашув меморандуми имзоланди.
Саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва туризм соҳаларига ихтисослашган 39 та эркин иқтисодий зона ташкил этилган. Уларда фаолият юритаётган корхоналар 10 йилгача мол-мулк, ер, сув ва даромад солиқларидан озод этилган. Ҳудудлар тўлиқ муҳандислик ва коммуникация тармоқлари билан таъминланган.
Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи асосий йўллар чорраҳасида жойлашган бўлиб, минтақавий транспорт-логистика маркази сифатида фаолият юритмоқда.
Содиқ Сафоевнинг таъкидлашича, мазкур бизнес-форумда 100 дан зиёд Америка компаниясининг иштирок этиши АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг изчил кенгайиб бораётганидан далолат.
- Эътиборлиси, Америка томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Бугунги Ўзбекистон – жадал ривожланаётган, очиқ ва ислоҳотларга интилувчан мамлакат. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида демократик, қонун устуворлигига асосланган, бозор иқтисодиётига мос тизим яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ошиб бормоқда, бошқарув органлари эса очиқлик ва жавобгарлик тамойиллари асосида иш юритмоқда. Давлатнинг вазифаси энди фақат бошқариш эмас, балки маҳаллий ва хорижий фуқаролар ҳамда тадбиркорлар учун энг яхши давлат хизматларини тақдим этишдан иборат. Шу билан бирга, ислоҳотларнинг марказида парламентнинг роли турибди. Қонунчилик базасини мустаҳкамлашда парламентнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди Содиқ Сафоев.
Бизнес-форум якунида қатор соҳалар бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА