Сўнгги йилларда Ўзбекистонда уй-жой бозори мамлакат иқтисодий ривожланишининг энг фаол ва тез ўзгараётган тармоқларидан бирига айланди. Бозорда нархларнинг кескин кўтарилиши, ипотека кредитлари ҳажмининг кенгайиши, аҳоли даромадлари ва уй-жой эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатнинг ўзгариши кенг муҳокамага сабаб бўлаётган масалалардан.
Мутахассисларнинг қайд этишича, 2020-2025 йиллар давомида Ўзбекистоннинг уй-жой ва ипотека бозорида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Бозордаги нарх динамикаси, ипотека фаолияти ва аҳолининг харид қобилияти давлат сиёсати ҳамда макроиқтисодий жараёнлар билан чамбарчас боғлиқ бўлди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мазкур даврда бозор аввало, нархларнинг кескин ўсиши, кейин эса барқарорлашув ва қисман пасайиш босқичларини бошдан кечирди.
Мисол учун, 2022-2023 йилларда рекорд даражада ўсди. Бу йилларда уй-жой нархлари мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида кескин ошди. Айниқса, Тошкент шаҳрида 60-67 фоиз, Самарқанд, Андижон ва Наманганда 40-45 фоиз, Хоразм, Жиззах ва Қорақалпоғистонда 10-15 фоизга ўсган.
Нархларнинг шундай тез ўсишига кучли талаб, қурилиш харажатларининг ортиши, спекулятив инвестициялар ҳамда ипотека соҳасидаги давлат қўллаб-қувватлови сабаб бўлди.
2024-2025 йилларда айрим ҳудудларда нархлар ўсиши секинлашди, айримларида эса пасайиш қайд этилди. Жумладан, 2025 йилнинг биринчи ярмида Тошкентда бирламчи бозор нархлари 14 фоизга, Тошкент вилоятида эса 9 фоизга пасайди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу таклиф ҳажмининг ортиши ва спекулятив талабнинг камайгани билан боғлиқ.2025 йилга келиб бозор нархлари билан уй-жойларнинг реал қиймати ўртасидаги фарқ ҳам 4 фоизгача қисқаргани қайд этилди.
Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг маълум қилишича, сўнгги беш йилда ипотека кредитлари ҳажми барқарор ўсиб борди. Айниқса, 2025 йилнинг биринчи чорагида ипотека ажратилиши 2,5 баробарга ошган. 2024 йилда фоиз ставкаларининг ошиши ва кредит шартларининг қатъийлашуви аҳолининг ипотека олиш имкониятини чеклади. 2025 йилда давлат томонидан қатор енгилликлар жорий этилди.
Ипотека фоизлари формуласи асосий ставка +6 фоиз этиб белгиланди. ЕТТБ томонидан Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси учун 40 млн. доллар ажратилди. Бу чоралар бозорда барқарорликни қайта тиклашга ёрдам берди.
Уй-жой нархи ва йиллик даромад нисбатини кўрсатувчи ПИР индексининг 4,7 даражада экани мамлакат учун ижобий кўрсаткич ҳисобланади. Бироқ ҳудудлар кесимида фарқ катта. Мисол учун, Самарқанд 7,7, Наманган 6,47, Тошкент шаҳри 2,85, Навоий 2,96 даражада бўлган. Бу маълумотлар уй-жой сотиб олиш имконияти ҳолати ҳудудларга қараб тежамкор ёки қийинлиги билан фарқ қилишини кўрсатади.
2025 йил бошида харид қобилияти индекси 121 фоизга етди. Бу ипотека ва бозордаги барқарорлик шароити яхшиланганини англатади. Бозордаги ҳозирги тенденциялар, нархлар барқарорлашмоқда, айниқса, пойтахтда. Битимлар сони ортиб бормоқда — 2025 йил биринчи ярмида 177 мингдан ортиқ уй-жой сотилган. Қурилиш ҳажми кўпаймоқда, бу таклифнинг кенгайишига ва нархларнинг босимсиз шаклланишига хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, 2020-2025 йилларда Ўзбекистон уй-жой бозори уч босқични бошдан кечирди. Нархлар кескин ўсиши 2022-2023 йилларда кузатилди. 2024 йилда эса кредитлар қимматлашуви кузатилган. Жорий йилда бозор барқарорлашуви ва нархларнинг реаллашуви, уй-жой нархи пасайиши кузатилди.
Давлатнинг ипотека сиёсатидаги ўзгаришлар, қурилиш ҳажми ошиши ва бозорни молиялаштириш механизмларининг такомиллашуви келгуси йилларда уй-жой бозорини барқарор ва прогноз қилиниши мумкин ҳолатга келтириши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА