Жорий йил 6-7 октябрь кунлари Озарбайжоннинг Габала шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) навбатдаги 12-саммити бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қатор долзарб масалаларга эътибор қаратди, ҳамкорликни ривожлантириш учун ниҳоятда муҳим бўлган ташаббусларни илгари сурди.
Мазкур таклифлар ТДТ доирасидаги турли ҳамкорлик йўналишлари ва муҳокама марказидаги умумтуркий йирик лойиҳаларни қамраб олди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоялар республикамизнинг туркий дунё билан муносабатни фаоллаштируви тактика эмас, балки узоқни кўзлаган стратегик мақсадларга хизмат қилишини яна бир бор тасдиқлади.
Нутқда бир неча муҳим йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Президентимиз илгари сурган таклифлар ТДТ форматида кузатилаётган ижобий трансформацион ўзгаришларни янада ривожлантириши кутилмоқда. Зеро, шу тариқа туркий давлатлар сиёсий бирдамлиги ва жипслиги кучаяди.
Хусусан, Ўзбекистон етакчиси Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартнома қабул қилиниши тарафдори эканини таъкидлагани ҳамкасблари томонидан илиқ кутиб олинди. Сабаби, мазкур битим асосий сиёсий ҳужжат сифатида қардош халқларни янада яқинлаштириши, амалий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши кутиляпти. Қолаверса, ушбу ташаббус Ўзбекистон ТДТ доирасида шунчаки иштирокчи давлат эмас, балки туркий макондаги муносабатларнинг истиқболдаги янги моделини шакллантириш жараёнидаги асосий субъектга айланаётгани ҳақидаги қарашларни тўлақонли тасдиқлайди.
Маълумки, Ўзбекистон ўтган йил ТДТ 11-саммитида қабул қилинган “Туркий дунё хартияси” муаллифи ҳисобланади. Бундан ташқари, мамлакатимиз икки томонлама ҳамкорлик форматида ҳам қардош давлатлар билан муносабатларни шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан бойитиш йўлида собит. Давлатимиз 2019 йил ТДТга доимий аъзо бўлиб кирган кундан буён ўтган тарихан қисқа давр мобайнида барча ҳамкорларимиз билан муносабатлар янги мақомга кўтарилди. Яъни, Қозоғистон ва Озарбайжон билан иттифоқчилик, Туркия ва Қирғизистон билан кўп томонлама стратегик ҳамкорлик, Туркманистон ва Венгрия билан стратегик шериклик ўрнатилган.
Табиийки, юқоридаги ҳужжатлар амалий аҳамиятга эга бўлиши учун давлатлараро муносабатлар кўп томонлама манфаатли йирик иқтисодий лойиҳалар билан бойитилиши лозим. Шунинг учун ҳам Шавкат Мирзиёев ҳар доим ўз нутқларида иқтисодий масалаларга устуворлик беради. Бу гал мамлакатимиз раҳбари ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда саноат кооперациясини чуқурлаштириш асосий йўналиш сифатида кўрилишини билдирди. Бу сўзлар барчага иқтисодий кун тартибини кенгайтириш муҳимлиги ҳақидаги қатъий чорлов бўлиб янгради.
Ўзбекистон Президенти Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириш муҳимлигини таъкидлаганда, биринчи навбатда, савдо, бизнес ва ўзаро инвестиция учун қулай шароит, ҳуқуқий база ва инфратузилма яратилиши заруратини назарда тутган. Мазкур ғояни амалга ошириш бўйича аниқ институционал механизм яратиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Бош вазирлар ўринбосарлари томонидан бошқариладиган Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди, Саноат альянсини тузиш ва “Яшил трансформация” консорциумини яратиш таклифини билдирди. Қолаверса, транспорт соҳасига тўхталиб, ТДТ майдонидаги Ўрта йўлакда Ўзбекистон иштироки муҳимлигини тасдиқлаб, мазкур транспорт занжирини мустаҳкамлаши мумкин бўлган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратди.
Шавкат Мирзиёев сўзларига кўра, Ўрта йўлак Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва истиқболли Трансафғон йўлаги билан боғланса, минтақамизда кўп тармоқли, стратегик магистраллар тизими вужудга келади.
Бу борада мақбул транзит тарифларини қўллаш, рақамлаштирилган божхона тартибини жорий қилиш ва халқаро транзит йўлакларини ривожлантиришда мувофиқлаштирилган сиёсат олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Юқоридаги барча ғоялар Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорликнинг моддий асосларини янада кучайтириш бўйича асосий ташаббускор эканини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз туб манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Зеро, бугунги кунда диёримизнинг иқтисодий фаровонлиги ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашда ТДТ доирасидаги ҳамкорлик юксак аҳамият касб этмоқда. Бу бир неча омиллар билан боғлиқ.
Биринчидан, аъзо давлатларнинг ташқи иқтисодий алоқаларимиз тизимидаги ўрни ортмоқда. Айни пайт мамлакатимизнинг туркий дунё давлатлари билан савдо улуши 10 миллиард долларга яқинлашди. Ушбу кўрсаткич умумий ташқи савдомизнинг 15 фоизига тўғри келади. Бошқача айтганда, ТДТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги давлатлар гуруҳи биргаликда Хитой ва Россиядан кейинги учинчи йирик савдо шеригимиздир.
Боз устига туркий макон савдо масаласида бошқа ҳамкорларга нисбатан муайян устуворликка эга. Бинобарин, ТДТ билан савдо айланмасида экспорт ва импорт нисбати мувозанатлашган, савдо тузилмаси диверсификациялашган. Яъни, Ўзбекистон экспортида қўшимча қийматли тайёр маҳсулотлар сегменти устунлик қилади.
Қолаверса, туркий мамлакатлар ички иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим рол ўйнамоқда. Масалан, ТДТ аъзолари капитали иштирокидаги корхоналар сони изчил ўсиш суръатини намоён этмоқда. 2025 йил ушбу рақам 4 000 га яқинлашиб, 2019 йилга нисбатан 60 фоиз кўпайди. Эндиликда чет эл капитали иштирокидаги корхоналаримиз умумий миқдорининг 20 фоизи ТДТ ҳиссасига тўғри келяпти.
Иккинчидан, ТДТ аъзолари иқтисодий ҳамкорлигида ҳали тўлиқ рўёбга чиқарилмаган имконият беҳисоб. Жумладан, салмоқли инсон капитали, мавжуд хом ашё ресурси ва саноат салоҳиятидан унумли фойдаланган ҳолда, устуворликка эга соҳаларда саноат кооперациясини йўлга қўйиш мумкин. Мазкур жараёнда умумтурк бренди вужудга келади. Натижада ТДТ маконида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги бир неча карра ортади.
Бугунги кунда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш учун жуда қулай шароит мавжудлигини ҳам эътибордан четда қолдириш керак эмас. Бу биринчи навбатда туркий давлатларнинг стратегик муҳим географик жойлашуви билан боғлиқ. Ушбу афзалликдан самарали фойдаланиш орқали халқаро савдо муносабатлари ва глобал таъминот занжиридаги тарихий етакчилик мақомини тиклаш мумкин. Шу билан бирга ТДТ аъзоларининг турли иқтисодий бирлашмалардаги иштироки бошқа давлатлар бозорига чиқиш имкониятини
янада енгиллаштиради.
Масалан, Қозоғистон ва Қирғизистон – Евросиё иқтисодий иттифоқи аъзолари. Ўзбекистонда Жанубий Осиё билан ҳамкорлик инфратузилмаси мавжуд. Озарбайжон Каспий денгизида портларига эга. Венгрия Европа Иттифоқи таркибида. Туркия, гарчи, ЕИ аъзоси бўлмаса-да, 1995 йилдан буён кўҳна қитъа божхона иттифоқининг бир қисми ҳисобланади.
Бундан ташқари, аллақачон ТДТ мамлакатлари ўртасида саноат кооперациясининг муваффақиятли намуналари мавжуд.
Масалан, “UzAuto Motors”, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжондаги ҳамкорлари билан бирга “Chevrolet” автомобиллари ишлаб чиқарувчи бир нечта завод ташкил этган. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари “LC Waikiki” ва “DeFacto” каби турк брендлари учун кийим-кечак ишлаб чиқаради. Республикамизнинг “Global Textile” компанияси Озарбайжонда тўқимачилик кластери лойиҳасини фаол ривожлантирмоқда. Лойиҳа пахта етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ туркумни қамраб олган.
Юртимизда эса Озарбайжоннинг “Matanat-A” компанияси иштирокида умумий бюджети 100 миллион долларга тенг лойиҳа – қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Бу саноат кооперацияси ва технология трансферига яна бир яққол мисол. Ўзбекистон бундай алоқаларни ривожлантириш, кооперация жараёнига тизимли тус беришдан манфаатдор. Шунинг учун ҳам Президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш ва Саноат альянсини тузиш каби бир-бирини тўлдирувчи таклифларни илгари сурди. Бу орқали Ўзбекистон умумтурк тизимлашган саноат кооперациясини яратиш учун тамал тошини қўймоқда. Зеро, юқоридаги таклифлар саноат йўналишидаги ҳамкорликнинг институционал-ташкилий асосини мустаҳкамлайди: аниқ ваколатга эга ва ҳисобдор тузилмалар вужудга келади.
Кўриниб турибдики, иқтисодиёт соҳасидаги ташаббусларимиз улкан мақсадлардан тезкор ҳаракатга ўтиш ва аниқ натижага эришишга қаратилган.
Учинчидан, Ўзбекистон ТДТ доирасида амалга оширилаётган транспорт йўлакларидан асосий манфаатдор давлатлардан бири саналади. Мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий стратегиясида денгиз портларига чиқиш ва янги бозорларга кириб бориш каби мақсадлар устуворлик касб этади. Шу орқали хорижий алоқалар географиясини диверсификация қилиш, экспортни рағбатлантириш ва ички ишлаб чиқаришни кучайтириш мумкин. Мазкур мақсадлар рўёби диёримизнинг ҳозирги тараққиёт босқичи, шунингдек иқтисодий ўсишнинг юқори кўрсаткичи мунтазамлигига эришиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини таъминлашда беқиёс аҳамият касб этади.
Шунинг учун ҳам давлатимиз ТДТ доирасида транспорт-коммуникация боғлиқлиги кучайишининг фаол тарафдоридир. Боз устига, аллақачон ташқи савдо алоқаларимизда Ўрта йўлакнинг ўрни ортиб бормоқда.
Маълумотга кўра, 2024 йил Боку порти орқали амалга оширилаётган Ўзбекистон юк айланмаси миқдори миллион тоннага етган. Айни йўналиш юртимизни Озарбайжон, Туркия ва Европа бозори билан боғлайдиган энг қисқа ва самарали йўл. Ўрта йўлак ривожи эса фақат ўлкамиз ички кун тартибидаги мақсадлар билан чекланмайди. Мамлакатимиз бир вақтнинг ўзида Трансафғон, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли сингари бир неча транспорт йўлакларининг фаол иштирокчисидир. Бу йўналишлар Ўрта йўлак билан интеграцияга киришиши амалда тарихий Буюк ипак йўли тикланиши, Ўзбекистоннинг янгиланаётган глобал иқтисодий моделдаги ўрни ортишини англатади.
Хулоса шуки, Туркий давлатлар ташкилоти Ўзбекистон учун нафақат сиёсий ва маданий мулоқот платформаси, балки стратегик мақсадлари уйғун давлатлар уюшмаси билан натижага йўналтирилган ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим форматга айланди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ТДТ билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, умумий фаровонлик ва тараққиётга ҳисса қўшишда давом этади.
Азизжон Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими