Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Саудия Арабистони ва БАА ўртасида йўловчи ташиш тикланди

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, 2026 йил 10 мартдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликларига икки томонлама йўловчи ташиш — яъни, олиб кетиш ва олиб келиш парвозларини амалга оширишга рухсат берилди. Шу билан бирга, аввал йўловчи тури ва фуқаролигига нисбатан қўйилган чекловлар бекор қилинди.

Қайд этилишича, Саудия Арабистонига амалга оширилаётган парвозларда "Умра" мавсуми якунланаётганини ҳамда “Ҳаж–2026” мавсуми олдидан барча "Умра" зиёратчилари Саудия Арабистони қонунчилигига мувофиқ мамлакат ҳудудини тарк этиши лозимлиги инобатга олинади.

Шу муносабат билан “Uzbekistan Airports” АЖ Саудия Арабистонига парвоз қилаётган йўловчиларда ортга қайтиш авиачиптаси мавжудлигини текшириши белгиланди. Агар қайтиш чиптаси бўлмаган йўловчилар аниқланса, уларнинг рўйхати авиакомпаниялар ва туроператорлар кесимида шакллантирилиб, ҳар куни иш сменалари якунида “Ўзавиация” агентлиги штабига тақдим этилади.

Шунингдек, резидент ва хорижий авиакомпаниялар томонидан "Умра" зиёратчиларини ташиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон қарори талабларига мувофиқ амалга оширилиши шарт. Унга кўра, "Умра" зиёратчиларини ташиш фақат Диний ишлар бўйича қўмитадан тегишли лицензия олган туроператорлар орқали ташкил этилади.

Туроператорлар эса шартномаларда ҳар бир йўловчига алоҳида бориш ва келиш авиачиптаси топширилиши мажбуриятини ўз зиммасига олиши лозим.

Парвозлар давомида йўловчиларга овоз кучайтиргич орқали эслатмалар берилиб, уларга турпакет таркибида бориш-келиш авиачипталари, меҳмонхона, трансфер ва овқатланиш учун ваучерлар ҳамда суғурта полислари нусхалари тақдим этилиши кераклиги тушунтирилади. Агар ушбу ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, йўловчилар ўз туроператорлари ёки турагентларига мурожаат қилишлари тавсия этилади. Шунингдек, йўловчилар қайтиш рейсига рўйхатдан ўтиш учун авиачиптада кўрсатилган вақтда аэропортга етиб келишлари ҳам эслатиб ўтилади.

Парвозларни ташкил этишда халқаро ҳаво ташувлари қоидалари, парвозлар хавфсизлиги талаблари ҳамда Саудия Арабистони ва БАА ваколатли органлари томонидан белгиланган тартибларга қатъий риоя этилиши зарур.

“Ўзавиация” агентлиги эса аэропортлардан қайтиш чиптасисиз йўловчилар бўйича олинган маълумотларни таҳлил қилиб, тегишли чоралар кўриш учун Дин ишлари бўйича қўмита, Туризм қўмитаси ҳамда прокуратура органларига тақдим этиб боради.

Транспорт вазирлиги маълум қилишича, вазият тегишли идоралар билан ҳамкорликда доимий мониторинг қилинади ҳамда минтақадаги ҳолатга қараб қўшимча маълумот ва кўрсатмалар бериб борилади.

Ҳамроз Баёнов,

ЎзА