
Ватанимиз тарихидаги 6 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига асосан апрель ойининг биринчи якшанбаси мазкур соҳа ходимлари куни этиб белгиланди. Геология соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий устунларидан бири бўлиб, мамлакатимизнинг табиий бойликларини ўрганиш, аниқлаш ва ўзлаштириш орқали унинг ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда. Геологлар куни эса соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб тақдирлаш ва уларга нисбатан эҳтиром ифодасидир.
943 йил (бундан 1082 йил олдин) – Сомонийлар сулоласи ҳукмдори Наср ўпка хасталиги туфайли 13 ойлик бетобликдан сўнг вафот этди. Бошқа бир хабарларга кўра, Наср ҳам отаси Аҳмад каби қуллар томонидан ўлдирилган. Унинг вафоти санаси борасида манбаларда турлича маълумотлар учрайди. Тарихчи Абу Саъд Самъонийнинг “Китоб ал-ансоб” асарида Насрнинг 943 йил 6 апрелда вафот этгани кўрсатилади.
Тарихчи Наршахий бу санани апрелнинг ўрталарида, 943 йилда содир бўлган деб беради. Тарихчи Ибн ал-Асир Насрни 943 йилнинг март-апрел ойида, ўлган деб ҳисоблайди. Тарихчи Поён Равшановнинг ёзишича, академик Василий Бартольд бу муаррихлар маълумоти орасида Самъоний кўрсатган 943 йил 6 апрел санасини энг тўғриси, деб ёзади.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Наср саккиз ёшида тахтга ўтирган. У давлатни қарийб ўттиз йил давомида бошқарган. Бу даврда сомонийлар сулоласи ичида тахт учун курашлар кучайган. Наср тириклиги пайтида тахтни ўғли Нуҳга топширган.
1404 йил (бундан 621 йил олдин) – Амир Темур ўзи эгаллаган ҳудудларнинг бир қисмини йигирма бир ёшли набираси амирзода Умарга топширди. Бу ҳақда тарихчи Хондамир қуйидагича қайд этади: “...музаффар Соҳибқирон Ардабил атрофида Ироқи Ажам, Озарбайжон, Аррон, Муғон, Гуржистон, Армания ва уларга тааллуқли ерларни амирзода Умар ибн Мироншоҳ Мирзога топширди ва ҳумоюн қизил тамғаси билан муҳрланган жаҳон ёрлиғини шаҳзодага инъом килиб, олий фармон билан Форс ва Ироқайн ҳокимлари амирзода Умарнинг чақириғига тайёр бўлиб туришини, улуғ амирлардан Амир Жаҳоншох, Жоку, Амир Рустам, Амир Мусо, Амир Тўкал Ёдгор Барлос ва Жунайд Бурулдайни унинг хизматига тайинлади”.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистон ҳукуматининг қарори билан вақтинчалик кредит чипталари муомалага киритилди. Улар норасмий “туркбон” номини олди. Ушбу қарорда қуйидагилар таъкидланган эди: “Давлат банкининг Тошкент бўлими томонидан чиқарилаётган кетма-кетлик тартибидаги 50, 25, 10, 5, 3, 1 рубль қийматига эга вақтинчалик пул нишонлари Туркистон ўлкасининг бешта вилояти ҳудудида эркин ҳаракатга эга, давлат кредит чипталари қатори давлат ва жамоа муассасалари, шунингдек, хусусий фирма ва шахслар томонидан қабул ва тўлов қилиниши мажбурийдир”.
Тарихчи Р.Тўхтаеванинг қайд этишича, Туркистон республикаси тарихида “туркбон”ларнинг чиқарилиши муҳим воқеа бўлиб, иқтисодий ҳаётни қисман изга туширишга ёрдам берди ва ўлка халқ хўжалигининг пул маблағларига бўлган эҳтиёжини имкон қадар қондирди. Туркистон бозорларида бу даврда хилма-хил пул бирликлари қўлланилган бўлсада, аммо “туркбон” пуллари давлат банкининг Тошкент бўлими томонидан чиқарилган маҳаллий пул бирлиги сифатида аҳамиятли бўлди. 1921 йилда “туркбон”лар муомаладан чиқарилиб, умумфедерал совет пул белгилари муомалага киритилди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорликка бағишланган Хельсинки Кенгашининг якунловчи ҳужжатларини тасдиқлаганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларига риоя этиш юзасидан халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олганлиги муносабати билан амнистия эълон қилинди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медалларини, планкалардаги орден ленталари, медаль ленталарини тақиб юриш қоидаларини ҳамда орден ва медаллар ленталарининг тавсифини тасдиқлаш ҳақида”ги фармони қабул қилинди.
2000 йил (бундан 25 йил олдин) – Навоий вилояти ҳудудида бентонит гил кони топилди.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ислом ҳамкорлик ташкилоти Уставини (Дакар, 2008 йил 14 март) ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Зомин» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади