Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси 17 та хорижий давлатга умумий қиймати 4,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 14 минг тонна қовун экспорт қилган. Бу натижа ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 минг тоннага кўп бўлиб, мамлакатнинг мева-сабзавот экспортидаги салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Қовун экспортининг ошишига бир неча муҳим омиллар таъсир қилди. Мисол учун, иқлимий шароитнинг қулайлиги ва эрта ҳосил олиш имконияти. Қолаверса, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда агротехнологияларнинг кенг татбиқи ва логистика тизимининг яхшиланиши. Экспортбоп навларнинг етиштирилиши ва сифатга бўлган эътибор ҳам савдо ҳажмини кенгайтирди.

Экспорт таркибига қаралганда, қовун экспортининг асосий улуши қўшни ва Европа мамлакатларига тўғри келмоқда:
Россия – 5 600 тонна
Қозоғистон – 4 000 тонна
Қирғизистон – 3 000 тонна
Латвия – 603 тонна
Украина – 515 тонна
Германия – 254 тонна
Беларусь – 249 тонна
Литва – 153 тонна
Бошқа давлатлардан 84 – тонна
Россия бозори, одатдагидек, асосий харидор бўлиб қолмоқда – жами экспортнинг 30 фоиздан ортиғи айнан ушбу мамлакатга тўғри келган. Бу эса Ўзбекистон учун Россия бозорининг стратегик аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Қозоғистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатларга экспорт ҳажмининг юқори бўлиши транспорт харажатларининг пастлиги ва доимий савдо алоқаларининг мавжудлиги билан изоҳланади.
Бундан ташқари, Латвия, Германия ва Литва каби Европа давлатларининг рўйхатда бўлиши Ўзбекистоннинг қовун етиштиришда халқаро стандартларга мос келаётганини англатади. Европа бозорлари сифат, сертификатлаштириш ва гигиена борасида жуда талабчан ҳисобланади.
Ўтган йилга нисбатан 8 минг тонналик ўсиш нафақат экспорт ҳажмининг кенгайганини, балки ишлаб чиқариш ҳажмининг ортганини ва қовун етиштирувчилар билан экспортёрлар ўртасида ҳамкорлик кучайганини билдиради.
Ўзбекистон 2025 йилнинг биринчи ярмида қовун экспортини кескин оширишга эришди. Бу ўсиш мамлакатнинг қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар, маҳсулот сифатига бўлган эътибор самарасидир. Келгусида бу тенденцияни сақлаб қолиш учун инновацион ёндашув ва глобал бозорларда рақобатбардошликни таъминлаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА