Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент шаҳри, 2024 йил 15 апрель) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур Битимда икки давлат ўртасида ўзаро манфаатли сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган асосий устувор йўналишлар белгиланган.
Жумладан, Битимда кўламдор мақсадларни кўзлаган таълим ва илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва маданий мерос, туризм, спорт каби муҳим соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек,иқтисодиёт, бошқарув, дипломатия ва туризм соҳаларида кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича тажриба алмашишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш назарда тутилган.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда халқаро шартномаларга мувофиқ ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва рағбатлантириш ҳамда хусусий секторлардаги қўшма корхоналарни ташкил қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш назарда тутилмоқда.
Ҳужжатда халқаро терроризм ва экстремизм, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, қуролларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, уюшган жиноятчилик, одам савдосига қарши курашиш ва уларни бартараф этиш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва бирлаштириш бўйича аниқ ва режали чоралар белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, Битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА