Покистон Ислом Республикаси Саноат ва ишлаб чиқариш вазири ўринбосари Саиф Анжу бошчилигидаги делегация Бухорода бўлди. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов делегация аъзолари билан учрашди.
Учрашувда сўнгги йилларда вилоятда давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган янгиланишлар ҳақида сўз борди. Покистон билан ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳудуднинг инвестицион ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди. Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлиги, туризм, хизмат кўрсатиш, чарм ва ипакни қайта ишлаш, тўқимачилик тармоғини ривожлантириш ва фармацевтика бўйича истиқболли лойиҳаларни амалиётга жорий этиш борасида таклифлар билдирилди. Шунингдек, вилоятдаги махсус иқтисодий зоналар фаолияти, уларда инвесторлар учун берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Томонлар ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида вилоят билан доимий мулоқотлар ўрнатиш, яқин кунларда эса келишилган ташаббусларни амалий жиҳатдан кўриб чиқишга келишиб олди. Бунинг учун Покистон делегациясини қўллаб-қувватлаш ва минтақанинг иқтисодий салоҳиятини чуқур ўрганиш бўйича масъул ходим тайинланди. Таҳлиллар асосида ишчи гуруҳлари тузилиб, келгусида музокаралар олиб бориш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Делегация “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат парки билан таништирилди. Шу ерда икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион масалалар атрофлича муҳокама этилиб, истиқболли йўналишларда ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.