Замонавий озиқ-овқат хавфсизлиги бошқаруви бўйича тажриба алмашиш мақсадида 25-28 август кунлари тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси Озарбайжонга ташриф буюрди. Ташриф БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков бошчилигидаги делегация 25 август куни Озарбайжон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги агентлиги (AFSA)да қабул қилинди. Учрашув давомида томонлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва ветеринария соҳаларида тажриба алмашинди.
AFSA раиси ўринбосари Закия Мустафоеванинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ташрифлар, имзоланган келишувлар ва қўшма ташаббуслар орқали изчил ривожланмоқда.
Ўзбекистон делегациясига Озарбайжонда озиқ-овқат хавфсизлиги қонунчилигини такомиллаштириш, хавф-хатарларга асосланган текширув механизмлари, инқирозли вазиятларни бошқариш тизимлари ва тезкор огоҳлантириш механизмларининг жорий этилиши ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тақдимотларда шунингдек, назорат ва инспекция тартиблари, жумладан, HACCP (Хавфларни таҳлил ва назорат қилишнинг муҳим нуқталари) тизимининг қўлланилиши, озиқ-овқат маҳсулотларини импорт ва экспорт қилиш талаблари, янги маҳсулот турлари, озиқ-овқат қўшимчалари, пестицидлар, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби, миллий рақамли тизим – AQTIS (Автоматлаштирилган озиқ-овқат хавфсизлиги ахборот тизими) фаолияти, жамоатчилик билан мулоқот, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш ва ахборот материалларини тайёрлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида Озарбайжон Озиқ-овқат хавфсизлиги институти (AFSA)да учрашув, шунингдек, чегара назорат пунктлари ва лабораторияларга ташрифлар бўлиб ўтди. Бу жараён ўзбекистонлик мутахассисларга озиқ-овқат импорти ва экспорти назоратида “ягона дарча” моделининг амалиётини ўрганиш имконини берди. Мазкур ўқув ташриф Ўзбекистонга институтларни ислоҳ қилиш, лабораторияларни мустаҳкамлаш ҳамда манфаатдор томонларни озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасига кенгроқ жалб этиш бўйича тажрибаларни ўрганиш имконини берди.
Делегация таркибида Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Ветеринария қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимоя қилиш агентлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ҳисоб палатаси ҳамда Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги раҳбар ходимлари иштирок этди. Ушбу ташаббус ФАО томонидан Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқарувини кучайтириш ва савдони енгиллаштириш йўналишидаги узлуксиз қўллаб-қувватлашнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Озарбайжон тажрибасини ўрганиш орқали Ўзбекистон истеъмолчиларни ҳимоя қилиш, хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига эга бўлиш имкониятини яратиш, шунингдек, халқаро бозорда рақобатбардошликни ошириш йўлида муҳим қадам ташламоқда.
М.Пирматова, ЎзА