KOICA (Korea International Cooperation Agency) ташкилоти таклифига биноан, Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги тизимининг раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат делегация Жанубий Корея Республикасининг Сеул шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Делегация таркибида Жиззах вилояти Ғаллаорол ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги директори Ҳамидулло Султонов ҳам иштирок этмоқда. Сафарнинг асосий мақсади – Жанубий Кореянинг ўрмон хўжалиги ва шаҳар кўкаламзорлаштириш соҳасида қўлланилаётган илғор смарт технологиялар тажрибасини ўрганиш ҳамда ушбу тажрибани Ўзбекистон шароитига татбиқ этишдан иборат.


Ўқув дастури “Смарт технологиялар асосида ўрмон ва шаҳар кўкаламзорлаштириш салоҳиятини ошириш” мавзусига бағишланиб, иштирокчилар Кореянинг рақамли бошқарув тизимлари, ўрмон мониторинги ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича инновацион ечимлар билан яқиндан танишмоқдалар.


Таълим жараёнида сунъий йўлдош кузатув тизимлари, дрон технологиялари, ақлли суғориш тизимлари ва автоматлаштирилган маълумотлар базалари ёрдамида ўрмон ресурсларини самарали бошқаришнинг замонавий усуллари ўрганилмоқда.
Ушбу хизмат сафари Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, экологик мувозанатни сақлаш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Сафар якунида Корея тажрибасини миллий амалиётга мослаштириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири