1 сентябрь куни жорий йилда Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган биринчи босқич курсантларининг тантанали “Ватанга қасамёд” тадбирлари бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.


Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида мазкур муассасага янги қабул қилинган курсантлар Ватанга қасамёд қабул қилди.
Тантанали тадбирда мудофаа вазири генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ҳарбий хизматчилар, ота-оналар ва курсантлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар курсантларни она Ватанни қўриқлаш каби шарафли касбни эгаллаш йўлидаги илк қадамлари билан қутлади.


Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Қуруқликдаги қўшинлар институтида ҳам курсантлар Ватанга қасамёд келтириш учун саф тортди.
Шу билан бирга, Ҳарбий авиация институти, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда Ҳарбий тиббиёт институтида ҳам “Ватанга қасамёд” тантаналари юқори савияда ўтказилди.


Институтларда ўтказилган маросимларда кенг жамоатчилик вакиллари юртимизда ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шароитлар, уларнинг ижтимоий ҳимояси йўлидаги ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, барчанинг ўқиш ва кейинги хизматларига муваффақиятлар тилади.
Курсантлар давлатимизнинг муқаддас рамзи бўлган байроқни ўпиб, буюк аждодларнинг пок руҳлари, Ватани олдидаги бурчини ҳалол бажаришга бел боғлаб, виждони, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, Ўзбекистон Республикасига, халқига ва Президентига бир умр содиқ бўлишга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртининг юксак ишончини оқлашга яқинлари ва кенг жамоатчилик гувоҳлигида тантанали равишда онт ичди.

ЎзА