Бухоро шаҳридаги нодавлат нотижорат ташкилоти ва Дўстлик уйида Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди вилоят бўлинмаси томонидан “Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти” мавзусида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги миллий маданий маркази, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Унда таъкидланганидек, бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади.
[gallery-23026]
Тадбирда Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
– Бугунги кунда бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир, – дейди вилоят турк миллий маданий маркази раҳбари Жума Шукуров. – Бундан кейинги тараққиёт учун ҳам у муҳим омиллардан бўлиб қолаверади. Ўзбекистонда турли конфессия вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, бағрикенглик муҳити таъминланган.
Тадбирда вилоятда истиқомат қилаётган 40 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 12 га яқин миллий-маданий марказлар фаолияти, уларнинг ўз она тили, тарихи, қадриятлари ва маданиятини ўрганиш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ишлар тўғрисида ёшларга маълумот берилди.
Шу куни ННТ ва Дўстлик уйидаги миллий маданий марказлар томонидан маданий-маърифий тадбирлар амалга оширилди. Тадбир доирасида миллий-маданий марказлар томонидан тайёрланган Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини ўзида акс эттирган видеолавҳалар, босма нашрлар, суратлар, турли халқларнинг амалий санъати дурдоналари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.