Футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг 2-тури доирасида "F" ва “I” гуруҳларидан ўрин олган учрашувлар бўлиб ўтди.
"F" гуруҳида "Андижон ФА" клуби ўз майдонида "Қўқон-1912"га қарши ўйин ўтказди. Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмаган бўлса, иккинчи бўлимда "Қўқон-1912" жамоаси рақиб дарвозасига жавобсиз 7 та гол урди. Шунингдек, ушбу гуруҳдаги иккинчи ўйинда “Қизилқум” сафарда “Замин” клуби устидан 3:0 ҳисобида ғалабага эришди.

Мазкур натижалардан сўнг, "Қизилқум" 6 очко билан гуруҳ етакчисига айланган бўлса, "Қўқон-1912" 4 очко билан иккинчи поғонадан жой олди. "Замин" клуби 1 очко билан учинчи ўринда бормоқда. "Андижон ФА" эса икки мағлубият эвазига гуруҳда сўнгги ўринда қолмоқда.

“I” гуруҳининг 2-турида "Хоразм" 3:1 ҳисобида "Жайхун"ни доғда қолдирди. "Сирдарё ФА" ва "Олимпик-MobiUz" клублари баҳси 0:1 ҳисобида ўз якунига етди. Шу тариқа, икки ғалабани ўз ҳисобига расмийлаштирган “Хоразм” 6 очко жамғариб, гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. "Олимпик-MobiUz" ҳамда "Жайхун" жамоалари 3 очко билан 2-3-ўринларда бормоқда. "Сирдарё ФА" эса очкосиз 4-поғонада.

Дарвоқе, кубок баҳсларининг иккинчи тур учрашувлари якунига кўра, "Қизилқум" ва "Хоразм" жамоалари муддатидан аввал 1/8 финалга йўл олди.
Бугун “G” ҳамда “H” гуруҳларида иккинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади.

“G” гуруҳи:
"Наманган ФА" – "Бунёдкор",
"Бухоро" – "Локомотив";
“H” гуруҳи:
ОКМК – "Насаф",
"Навоий ФА" – "Пахтакор".
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА